Зеленский легитимлиги тугагани ҳақидаги гапларга изоҳ берди
Олам
−
25 Май
24856Украина Президенти Владимир Зеленский 2024 йил 20 майдан кейин ваколат муддати тугаши муносабати билан легитимликни йўқотгани ҳақидаги гапларга изоҳ берди. Бу ҳақда у марказий осиёлик журналистларга берган интервьюсида сўз очди.
“Ҳозир ҳукуматингизнинг легитимлик муддати тугагани ҳақида россияпараст нарратив тарқаляпти. Биз Украина қонунлари ва Конституциясини ҳам ўқидик. Бундай гапларга нима деб жавоб бера оласиз? Бу сизни безовта қиляптими ва Украинада бу баёнотларга муносабат қандай?” деб савол беради журналист.
Зеленский эса бунга жавобан украиналиклар ўз Конституцияси ва қонунларини билишини айтди.
“Улар Россиянинг ноқонуний Президентининг Украина Президентининг ноқонунийлигига қарши баёнотлари, очиғини айтганда, зерикарли эканини тушунишади. Қизиқ эмас. Қонунларни ўқишни биладиган барча адекват одамлар ўқиб, хулоса топади. Хуллас, ростини айтсам, бу мени унчалик безовта қилмайди”, дейди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 май куни Россия Президенти Владимир Путин Минскда Украина раҳбари Владимир Зеленскийнинг қонуний президентлик даври тугаганини ва Украина бўйича ким билан музокара олиб бориш масаласи бекорга эмаслигини айтганди.
LiveБарчаси