Зеленский Илон Маскни Украинага чақирди
Олам
−
01 Декабрь 2022
6585Украина Президенти Владимир Зеленский америкалик тадбиркор Илон Маскни Россия кучлари томонидан мамлакатга етказилган зарарни кўриш учун Украинага келишини таклиф қилди. Бу ҳақда Зеленский “The New York Times DealBook” саммитида берган интервьюсида маълум қилган.
Бу орқали Зеленский Илон Маскнинг ҳудудни Россияга бериш ҳақидаги тинчлик таклифини қоралаган.
“Украинага келинг ва ўз кўзингиз билан кўрасиз”, дейди Зеленский.
У, шунингдек, уруш қишки жангларнинг янги босқичига қадам қўяётган бир пайтда Россия Президенти Владимир Путиннинг ядро қуролидан фойдаланишига бевосита таҳдид йўқлигига ишонишини айтган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинага ташрифдан кейингина можарони қандай ҳал қилиш, уни ким бошлаган ва қачон тугаши мумкинлиги ҳақида гапириш керак.
Зеленский Маск томонидан тақдим этилган Starlink интернет-қурилмалари туфайли мамлакатда кўп нарса ишлаётганини таъкидлади.
“Афтидан, Илон ўз фикрини ўзгартира бошлаганга ўхшайди. Билмайман, балки унга кимдир таъсир ўтказар ёки у ўзи қарор қабул қилади ”, деб қўшимча қилган Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи бошида Илон Маск Twitter’даги саҳифасида Россия билан кенг кўламли уруш бўлган тақдирда Украинанинг ғалаба қозонишига шубҳа билан қарашини ва томонларни тинчликка чақирганини ёзган эди. Маскнинг сўзларига кўра, БМТ назорати остидаги янги, шаффоф референдумлар Россия томонидан қўшиб олинган ҳудудларда ўтказилиши керак ва агар аҳоли ўз ерлари Украина таркибида қолиши учун овоз берса, Россия чекиниши шарт. Маскнинг фикрича, Қрим Россияда қолиши керак. Қрим ҳам сув таъминоти кафолатларини олиши керак. Ниҳоят, Украина бетараф қолиши керак.
Бу жавоб Украинада, шунингдек, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида танқидлар тўлқинига сабаб бўлган.
Соҳиба Комиловна