Зеленский Ғарбдаги ҳамкорларидан Россияга нисбатан яна санкциялар кутяпти

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Ғарб ҳамкорларидан Россия Федерациясига нисбатан санкциялар бўйича кейинги қадамларни кутаётганини айтди. Бу ҳақда “Украина-24” хабар берди.

“Украина кеча ва бир кун аввал маъқулланган Россия Федерациясига қарши санкциялар бўйича Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада, Буюк Британияни олқишлайди. Биз санкциялар босими бўйича кейинги қадамларни кутмоқдамиз”, дея таъкидлади у Киевда ўтган Польша ҳамда Литва Президентлари билан мулоқотда.

Украина Президентининг айтишича, атрофидагилар Россияга қарши турли чоралар кўришни таклиф қилмоқда ва санкциялар Россиянинг кейинги қадамлари билан боғлиқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.

Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.

Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.

Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг