Зеленский G7 давлатлари етакчиларига мурожаат қилади
Олам
−
23 Март 2022
9002Украина Президенти Владимир Зеленский эртага, 24 март куни Брюсселда учрашадиган G7 давлатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония) етакчиларига видеоалоқа орқали мурожаат қилади. Бу ҳақда Украина раҳбари Матбуот котиби Сергей Никифоров маълум қилди.
“Украина у ерда фаол иштирок этади. Ҳеч бўлмаганда, бу Президентнинг мурожаати бўлади ёки тўлиқ иштирок, албатта, видео формат кўринишида. Иштирок этиш формати яқин орада маьлум бўлади”, деган Никифоров.
Матбуот котибининг тушунтиришича, Зеленский яна G7 етакчиларига ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилмоқчи.
“Буни бир неча йўл билан амалга ошириш мумкин – парвозлар тақиқланган ҳудуд яратиш, Украинани кучли ҳаво мудофааси ва авиация билан таъминлаш”, деб тушунтирган у.
Никифоровнинг айтишича, Зеленский G7 етакчилари билан Украина хавфсизлигини таъминлашнинг янги форматлари ҳақидаги саволларни муҳокама қилмайди.
“Бу масала муҳокама қилинмайди, чунки G7 давлатларининг аксарияти НАТОга аъзо. Аммо биз НАТО ва эски форматлар, БМТ ва бошқалар унчалик яхши ишламаётганини кўряпмиз, янги форматларни излаш Украина расмийларининг устувор йўналишларидан биридир”, дейди Никифоров.
Маълумот ўрнида, Германия канцлери Олаф Шольц G7 мамлакатлари раҳбарларини 24 март куни бўлиб ўтадиган НАТО ва Европа кенгаши саммитлари доирасида Брюсселда учрашишга таклиф қилган.
LiveБарчаси