Зеленский Франциянинг олий мукофотини олди
Олам
−
09 Февраль 2023
4111Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 8 февраль куни Буюк Британияга ташрифини якунлаб, яна Европа бўйлаб сафарини давом эттирди. Унинг навбатдаги манзили Франция бўлди.
Расмий учрашувлардан сўнг Франция Президенти Эммануэль Макрон украиналик ҳамкасби Владимир Зеленскийни Франциянинг олий мукофоти – “Фахрий легион” ордени билан тақдирлади. У мукофотдан олинган видеони бугун, 9 февраль куни Тwitter’даги саҳифасига жойлаштирди.
“Мен Украина ва унинг халқига ҳурмат-эҳтиромимни изҳор этаман. Владимир, сизга жасорат ва қатъиятингиз учун ҳурматимни билдираман”, деб ёзди Макрон.
Видеода Зеленский Макронга ўз миннатдорлигини билдирганини кўриш мумкин.
“Менимча, бу мен учун жуда кўп. Шунинг учун биз бу унвонни бутун Украина халқига, жамиятига бағишлаймиз. Бу ерда бўлиш мен учун катта шараф. Қўлловингиз учун катта раҳмат”, дейди Зеленский.
Маълумот учун, “Фахрий легион” ордени Наполеон Бонапарт томонидан 1802 йил 19 майда ташкил этилган. Орден соҳиблари Франциядаги энг олий шараф ва алоҳида хизматларга эга инсонлар сифатида расман тан олинади. Франциянинг энг машҳур раҳбарларидан бири Шарль де Голль ҳам “Фахрий легион” орденини “тирик элита жамоаси” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 февраль куни Зеленский Буюк Британияга борган, у ерда қирол Чарльз III, Бош вазир Риши Сунак билан учрашган ва Британия Парламентида нутқ сўзлаган эди. Шунингдек, ташриф доирасида Зеленский Британияда тайёргарлик кўраётган Украина ҳарбийлари билан ҳам кўришганди. Британия сафаридан сўнг у Макрон ва Шольц билан учрашиш учун Парижга келган. Бугун эса Зеленскийнинг Брюсселда Европа Иттифоқи саммитида иштирок этиши кутилмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси