Зеленский дон йўлаги келишувини Россиясиз ҳам давом эттирмоқчи
Олам
−
18 Июль 2023
6480Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат чоғида Украина президенти Россия иштирокини тўхтатиб қўйган дон йўлаги келишувини сақлаб қолиш учун “масъулиятли давлатлар” билан ишлаш зарурлигини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Мен БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан суҳбатлашдим. Мавзу аниқ – бу Россиянинг очлик ва глобал озиқ-овқат бозоридаги беқарорликдан қурол сифатида фойдаланиш учун навбатдаги уриниши. “Террорчи давлат” Украина озиқ-овқат экспортига қарам бўлган турли мамлакатларда 400 миллион кишининг ҳаётини хавф остига қўйди. Энг кескин вазият Африка ва Осиёнинг Сомали, Эфиопия, Жанубий Судан ва Яман каби мамлакатларида бўлади”, дейди Зеленский.
Россия томони мазкур келишувдан чиқишига асосий сабаб сифатида қашшоқ давлатлар лойиҳа доирасида кам дон олаётгани, олди-сотди жараёнларининг асосий қисми (81 фоизи) юқори ва ўртадан юқори даромадли мамлакатлар ҳиссасига тўғри келаётганини билдирган.
Ўз навбатида, Зеленский Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унинг ўхшашини уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборган.
“Дон йўлаги келишуви натижалари жуда ҳайратланарли – қарийб 33 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 45 мамлакатга экспорт қилинди. Уларнинг 60 фоизи Африка ва Осиё мамлакатларига, хусусан, Жазоир, Тунис, Ливия, Миср, Кения, Эфиопия, Сомали, Судан, шунингдек, Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш, Индонезия, Покистон, Ироқ, Ливан, Яман каби давлатларга жўнатилди. Бизнинг озиқ-овқат экспортимиз, айтганимдек, Яман ва Сомали каби мамлакатларда инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради”, деган Украина Президенти.
Маълумот учун, дон йўлаги келишуви Россия, Украина, Туркия ва БМТ ўртасида 2022 йилнинг ёзида тузилган. Унда Украина ғалласини Қора денгиз орқали экспорт қилиш ҳамда Россия ўғитлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришдаги тўсиқларни бартараф этиш кўзда тутилган. Россия томони мазкур келишувнинг унга таалуқли қисми бажарилмагани сабаб у бугун, 18 июлдан бошлаб тўхтатилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш , АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Россия Федерациясини дон йўлаги келишувини бекор қилгани учун қоралаганди.
LiveБарчаси