Зеленский болаликдаги дўстини УХХ раҳбари лавозимидан бўшатди. Бош прокурор ҳам “учди”
Олам
−
18 Июль 2022
14601Украина Президенти Владимир Зеленский фармонлари билан Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) раҳбари Иван Баканов ва Бош прокурор Ирина Венедиктовани эгаллаб турган лавозимидан четлатди.
Баканов Украина Қуролли Кучлари Тартиб-интизом Низомининг 47-моддасига асосан хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани, натижада инсонлар ҳалок бўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келгани учун ишдан бўшатилди. Венедиктова “Ҳарбий ҳолатнинг ҳуқуқий режими тўғрисида”ги қонуннинг Президентга мансабдор шахсларни лавозимидан четлаштириш ҳуқуқини берувчи 11-моддасига асосан лавозимидан озод этилди.
Владимир Зеленский видеомурожаатида Украинада прокуратура, терговчилар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан давлатга хиёнат ва “ҳамкорлик фаолияти” моддалари бўйича 651 та жиноий иш қўзғатилганидан сўнг УХХ раҳбари ва Бош прокурорни лавозимидан четлатганини айтди.
Бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алексей Симоненко Бош прокурор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. УХХга янги раҳбар тайинлангани ҳақида хабар берилмаган.
Иван Баканов – Владимир Зеленскийнинг болаликдаги дўсти. У 2019 йил август ойидан буён УХХ раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди. Июнь ойида “Politico” манбаларга таяниб, Украина Президенти уруш пайтида Херсонни йўқотгани учун УХХ раҳбарини алмаштирмоқчи эканини хабар қилган эди.
Ирина Венедиктова – Украина тарихидаги биринчи аёл Бош прокурор. У бу лавозимда 2020 йилнинг март ойидан бери ишлаб келаётганди.
LiveБарчаси