Зеленский АҚШ-Украина музокараларида қатнашмайди
Олам
−
08 Март
11082Украина раҳбари Владимир Зеленский 11 март куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Украина ва АҚШ делегациялари учрашувида иштирок этмайди. Бу ҳақда у бугун, 8 март куни Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Маълум қилинишича, Украина делегацияси таркибига Президент офиси раҳбари Андрей Ермак, ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ва Мудофаа вазири Рустам Умаров киради.
“Кейинги ҳафтани Саудия Арабистонига ташриф буюришдан бошлайман. Украина дипломатик ва ҳарбий вакиллари сешанба куни Америка жамоаси билан учрашувда қолади. Украина жамоаси таркибига Андрей Ермак, Андрей Сибига, Рустам Умаров ва Павел Палиса киради”, деб ёзган Зеленский.
Зеленский аввалроқ Саудия Арабистонига ташрифини эълон қилган эди, у ерда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ал Сауд билан музокаралари режалаштирилган.
Америка раҳбарининг махсус элчиси Стив Уиткоффнинг хабар беришича, Киев ва Вашингтон вакиллари Саудия Арабистонида Украина можаросини ҳал қилиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун учрашув ўтказмоқчи. Кеча, 7 март куни АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Майк Уолц Вашингтон томонидан учрашувда ўзи ва давлат котиби Марко Рубио иштирок этишини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони АҚШ ва Украина ўртасида келаси ҳафта учрашув ўтказиш имкониятини олқишлаганди. Расмий Ар-Риёд Украина ва Россия ўртасидаги урушни тугатиш учун қўлидан келган барча ишни давом эттириш ниятида эканини таъкидлаганди.
LiveБарчаси