Зеленский ҳам Грузия ҳукумати раҳбарларига санкциялар киритди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский мухолифат норозиликларини тарқатгани учун Грузия ҳукумати раҳбарларига қарши санкциялар жорий этди. Бу ҳақда Украина Президенти сайтида эълон қилинди.

“Бу санкциялар ҳозирда Грузияни Россия Президенти Владимир Путинга таслим қилаётган ҳукуматнинг бир қисмига қарши киритилган”, деди Зеленский.

Қайд этилишича, санкциялар 19 кишига қўлланган. Жумладан, “Грузия орзуси” партиясининг асосчиси, миллиардер Бидзина Иванишвили, Бош вазир Иракли Кобахидзе, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Григол Лилуашвили, Тбилиси мэри Каха Каладзе, шунингдек, бир қатор судьялар ва Грузия парламенти депутатлари санкцияга учраган.

Шунингдек, Зеленский АҚШ, Европа Иттифоқи ва Украинанинг бошқа ҳамкорларини “тамойилларга асосланиб”, Грузия ҳукуматига қарши санкцияларни киритишга чақирган. Унинг сўзларига кўра, агар бу амалга ошмаса, Грузия “ўнлаб йиллар йўқотади” ва эркинликдан маҳрум бўлади.

“Бу минтақада ҳеч кимни йўқотмаслик керак – на Грузияни, на Молдовани, на Украинани. Биргаликда Москвага қарши ҳимояланиш зарур”, деди Украина Президенти.

Маълумот учун, жорий йилнинг октябрь ойида “Грузия орзуси” партиясининг парламент сайловларида ғалаба қозониши ортидан мамлакатда норозилик намойишлари бошланганди. Вазият ноябрь ойининг охирида Бош вазир Ираклий Кобахидзе Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзолик бўйича музокараларни бошлашни 2028 йилгача қолдириш қарорини эълон қилганидан сўнг янада кескинлашди.

Намойишчиларни Грузия амалдаги Президенти Саломе Зурабишвили ҳам қўллаб-қувватламоқда. У шахсан норозилик намойишларига чиқиб, парламентни ноқонуний деб атади ҳамда ваколатларини топширишдан бош тортишини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва ва Эстония Грузиянинг 11 нафар юқори мартабали раҳбарларига, жумладан, Грузия Ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаури ҳамда “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси асосчиси Бидзина Иванишвилига ўз ҳудудларига киришни тақиқлаган эди.

Шунингдек, Вашингтон маъмурияти Грузия ҳукуматига қарши янги чоралар, жумладан, қўшимча чекловлар жорий этишни режалаштирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия санкция Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг