Зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олдик – Президент
Жамият
−
05 Декабрь 2025 2783 2 дақиқа
Ўзбекистон 2035 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартиришни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев янги энергетика қувватларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларини қуришга бағишланган тантанали маросимда маълум қилди.
“Яқинда Бразилияда ўтган COP-30 иқлим конференциясида биз ўз ташаббусимиз билан Париж битими доирасида муҳим мажбуриятни зиммамизга олдик, яъни 2035 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик”, деди Президент.
Бу борада Жаҳон банки билан дунёда илк инновацион “ICRAFT” лойиҳаси бошланди. Унинг доирасида Ўзбекистон томонидан камайтирилган 23 миллион тонна иссиқхона гази ҳисобга олинди. Халқаро даражада углерод бирликлари савдосини амалга оширишга киришилди.
Шу йилнинг ўзида 17 та йирик саноат корхонаси “яшил” энергия бўйича халқаро сертификатлар тизимига ўтди. Келгуси икки йилда бундай корхоналарнинг сони 100 тага етказилади.
Президент қўшни давлатлар билан ягона энергетика бозорини яратиш бўйича шериклик мустаҳкамланганини ҳам қайд этди.
“Минтақамизнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиб, биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан “Қамбар-ота ГЭС-1” лойиҳасини молиялаштиришга киришамиз.
Шу ўринда, Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича “яшил йўлак” лойиҳаси доирасида яқиндан ҳамкорлик қилаётган Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этмоқчиман”, деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон Президенти рамзий дастакни босиб, 42 та энергетика объектини ишга туширди ва 21 та янги лойиҳа қурилишини бошлаб берди.
Live
Барчаси