Замонавий дунё урушлар даврини бошдан кечирмаслиги керак – G20
Олам
−
16 Ноябрь 2022
4915Низолар тинч йўл билан ва инсон ҳуқуқлари қонунларига мувофиқ ҳал қилиниши керак. Бугунги давр уруш даври бўлмаслиги керак. Бу ҳақда Индонезиянинг Бали оролидаги икки кунлик сессиялар якунлари бўйича “Катта йигирмалик” (Катта йигирматалик) етакчилари томонидан қабул қилинган якуний баёнотда айтилади.
52 банддан иборат ҳужжатда келтирилишича, саммит дунёда бир вақтнинг ўзида бир нечта инқирозлар давом этаётган бир пайтда бўлиб ўтган.
G20 етакчилари халқаро ҳуқуқ, тинчлик ва барқарорликни таъминлайдиган кўп томонлама тизимни қўллаб-қувватлашни муҳим деб ҳисоблайди.
“Бу БМТ низоми тамойиллари ва халқаро инсон ҳуқуқлари қонунларига, жумладан, қуролли можаролар пайтида тинч аҳоли ва инфратузилмани ҳимоя қилишни ўз ичига олади. Ядро қуролидан фойдаланиш ёки ундан фойдаланиш таҳдиди қабул қилиниши мумкин эмас. Можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, дипломатия ва мулоқотни давом эттириш ҳаётий аҳамиятга эга. Бугунги давр уруш даври бўлмаслиги керак”, дейилади қўшма якуний баёнотда.
Ҳужжатда айтилишича, G20 га аъзо кўплаб давлатлар Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни қоралаб, можаро инсоният азоб-уқубатларига олиб келгани, жаҳон иқтисодиётидаги мавжуд муаммоларни янада кучайтирганини таъкидлади.
G20 етакчиларининг айтишича, уруш ўсишни тўхтатади, инфляцияни оширади, таъминот занжирларини бузади, энергия ва озиқ-овқат хавфсизлигини кучайтиради ва молиявий барқарорликка хавф туғдиради.
“Вазият ва санкциялар юзасидан ҳам турлича қарашлар ва баҳолар мавжуд. G20 хавфсизлик масалаларини ҳал қилиш форуми эмас, лекин шу билан бирга биз хавфсизлик масалалари глобал иқтисодиёт учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тан оламиз”, дейилади якуний баёнотда.
Декларацияда G20 нинг жаҳон иқтисодиёти учун ўта муҳим даврда зарур ва аниқ қадамлар ташлаши муҳимлиги таъкидланди.
Ривожланаётган мамлакатларни, айниқса, кам ривожланган ва кичик орол мамлакатларини глобал муаммоларни ҳал этишда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлиги билдирилди.
“Ушбу мақсадга эришиш учун яхлит ва кучли тикланиш, аҳоли бандлигини ошириш ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича 5 та қадам қўйилади”, дейилади ҳужжатда.
G20 етакчилари ҳозирги можаролар ва кескинликлар глобал озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини янада кучайтираётганидан чуқур хавотир билдирдилар.
“Шунинг учун биз ривожланаётган дунёда заиф жамоаларни марказга қўйиб, ҳаётни сақлаб қолиш ва очлик ва тўйиб овқатланмасликнинг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўриш мажбуриятини оламиз”, дейилади якуний декларацияда.
G20 етакчилари барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларига чақирди.
Бундан ташқари, етакчилар қўшма баёнотда Туркия ва БМТ воситачилигида эришилган Истанбул келишувларидан мамнун эканликларини билдирдилар.
“Биз келишувнинг барча манфаатдор томонлар тўлиқ, ўз вақтида ва барқарор бажарилиши муҳимлигини таъкидлаймиз”, дейилади матнда.