Захирамиз етарлими? Марказий банк нақд пул олишдаги ваҳимали вазиятга изоҳ берди

Жамият

image

Ўзбекистондаги банклар ва кўчма банкоматларда нақд пул учун турнақатор навбатлар юзага келаётгани, хусусан Халқ банкининг Чироқчи филиали олдидаги банкоматдан пул ечиш учун одамлар навбат кутаётгани, уларнинг аксариятини кексалар ташкил этаётгани тасвирланган суратлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгани, нақд пул билан боғлиқ мавжуд вазият бўйича Марказий банк изоҳ бермай келаётгани ҳақида хабар эълон қилинган эди. Орадан кўп ўтмай, Марказий банк тилга кирди ва ҳолатга изоҳ берди. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг март ойи иккинчи ярмидан бошланган миллий валюта – “сўм”да нақд пулга бўлган талабнинг кескин ортиши натижасида Марказий банк томонидан муомалага март ойида 1 трлн 119 млрд сўм, апрель ойида – 6 трлн 343 млрд сўм, май ойининг ўтган 11 кунида 1 трлн 100 млрд сўм қўшимча нақд пуллар чиқарилган.

Жумладан, март-апрель ойларида қўшимча чиқарилган нақд пулларнинг 8 трлн сўми аҳолининг нақд чет эл валютасини миллий валютага айирбошлашга бўлган кескин ошган талабини (ушбу 2 ойлик талаб одатдаги 11,1 трлн сўмдан 19,3 трлн сўмга етган), 4-4,5 трлн сўми банк карталаридаги маблағларни нақдлаштиришга бўлган қўшимча талабни (17 трлн сўмдан 22 трлн сўмга етган) қондиришга йўналтирилган.

Шунингдек, мавсумий иқтисодий фаолликнинг ортиши сабабли 2021 йилнинг март-май ойларида Марказий банк томонидан муомалага қўшимча равишда 2,5 трлн сўм нақд пул чиқарилган бўлса, жорий йилнинг март-апрель ойларининг ўзида (май ойини ҳисобга олмаганда) бу кўрсаткич 3 бараварга ошгани айтилмоқда.

“Марказий банк томонидан жойлардаги банклар филиаллари ва банкоматларни нақд пул билан таъминлаш борасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда ва аҳолининг нақд пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш учун барча имконият ва захиралари мавжуд.

Юзага келаётган қисқа муддатли узилишлар нақд пулларни жойларга етказиб бериш, яъни логистикаси ва банкоматларга жойлаштириш билан боғлиқ эканлигини ҳамда мазкур масала Марказий банк томонидан назоратга олинганлигини маълум қиламиз”, дейилади Марказий банк расмий ахборотида.

Изоҳ сўнгида қайд этилишича, тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолининг товарларни харид қилишларида ва хизмат кўрсатишда банк карталари орқали ҳисоб-китобларда тўлов терминалларидан тўлақонли ва узлуксиз фойдаланишлари ушбу муаммоларга барҳам берилишига кўмак беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк

Баҳолаганлар

316

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг