Захарова Россия Ўзбекистонда рус тилини мустаҳкамлашга бел боғлаганини маълум қилди
Жамият
−
12 Февраль 2021
12987Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ўзининг анъанавий брифингида рус тилининиг Ўзбекистондаги ўрни борасида фикр билдирди.
Унга кўра, Ўзбекистонда қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатларида тил асосийда камситишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги нормалар киритилгани муҳим.
“27 январда Ўзбекистонда “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қайд этиб ўтамизки, унда бошқа тилларнинг мақоми (республикада 100 га яқин элат яшайди) ва тил белгиси бўйича камситишга йўл қўйилмасликка оид қоидалар ўз аксини топган.
Биз Ўзбекистонда рус тилини билишни мустаҳкамлашга қаратилган қатор қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз. У (рус тили) тарқалиши ва ижтимоий аҳамияти жиҳатидан давлат тилидан кейинги иккинчи ўринда туради ва Ўзбекистондаги ўрта мактабларда уни ўрганиш мажбурийдир”, дейди Захарова.
У Республика раҳбарияти томонидан 2020 йил октябрь ойида А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинишини ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлаган.
"У бакалавр ва магистрларни тайёрлаш билан бир қаторда ҳамкорларимиз томонидан етишмаслиги айтилаётган педагогларни профессионал қайта тайёрлаш билан ҳам шуғулланади. Бугунги кунда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида уларнинг сони қарийб 1000 кишини ташкил этади”, дейди РФ ТИВ вакили.
Захарова 2020 йил октябрь ойида Россия Таълим вазирлиги ва Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги томонидан Алишер Усмоновнинг “Санъат, илм-фан ва спорт” хайрия жамғармаси кўмагида А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети базасида Ўзбекистонда рус тили ва рус тилида умумтаълим фанларини ўқитиш сифатини ошириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган лойиҳа ишга туширилишини ҳам айтиб ўтган.
Маълум бўлишича, 2020 — 2030 йилларда республикага минг нафаргача россиялик мутахассисларни йўналтириш, Ўзбекистон халқ таълими тизимидаги педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича 14 та ҳудудий марказ ҳамда мамлакатдаги 10 мингтагача мактабларни босқичма-босқич қамраб олиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Мария Захарова ўтган йилнинг май ойида ҳам Ўзбекистондаги тил сиёсати, хусусан, ўзбек тили ҳақида баёнот берганди. ТИВ вакили Ўзбекистон давлат идораларида ҳужжат юритишда давлат тилидан фойдаланиш шартлигини кўзловчи қарор лойиҳасига изоҳ бериб, бу таклиф тарафдорлари кўп эмаслигини айтиб ўтганди.
LiveБарчаси