Юнусободликларга табиий газдан қарийб 1,1 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди

Жамият

image

Тошкент шаҳрининг Юнусуоб тумани аҳолисига табиий газ учун 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бу ҳақда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар берди.

Маълумки, Юнусобод туманида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида аҳоли истеъмоли учун табиий газнинг базавий нормаси – иситиш мавсуми даврида якка тартибда иситиладиган уйлар ва квартираларда яшайдиган бир абонентга ойига 1000 куб.м, бошқа ҳолатларда бир абонентга ойига 250 куб.м этиб белгиланганди. Газдан фойдаланишнинг ушбу нормалардан ошган қисми учун амалдаги тарифга 1,2 баравар оширилган коэффициентни қўллаш жорий этилган.

Карантин даврида базавий нормадан ортиқча фойдаланилган табиий газ учун қўшимча коэффициент қўлланилаётганлиги молиявий қийинчиликларни юзага келтираётгани тумандаги истеъмолчиларнинг норозилигига ва ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бу ҳудудда жорий этилган электр энергияси ва табиий газ истеъмолининг базавий нормалари қўлланилишини тўхтатиш тўғрисида киритилган таклифга Вазирлар Маҳкамаси томонидан розилик берилиб, ушбу эксперимент 2020 йил 1 апрелдан тўхтатилганди.

Бироқ, Агентлик томонидан амалга оширилган ўрганишлар, жорий йил апрель, май ва июнь ойларида ҳам Юнусобод туманида яшовчи табиий газ истеъмолчиларига қўшимча тўловлар ҳисоблаб келинганлигини кўрсатди.

Агентлик томонидан 2020 йил 28 августда “Hududgaz Poytaxt” газ таъминоти филиалига фойдаланилган табиий газнинг базавий нормадан ошган қисми учун белгиланган тарифга нисбатан оширилган коэффициентни 2020 йил 1 апрелдан бошлаб қўллаш ҳисобига юзага келган маблағларни истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича талабнома берилди.

Натижада, жами 24 минг 527 нафар истеъмолчига базавий нормадан ортиқча фойдаланилган табиий газ учун белгиланган тарифга нисбатан оширилган коэффициент қўлланилиши натижасида ҳисобланган 1 миллиард 94 миллион 400 минг сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.


Мақола муаллифи

Теглар

газ

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг