Юн Сок Ёль якка тартибдаги камерага жойлаштирилди

Олам

image

Ҳибсга олинган Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль суднинг расмий ҳибсга олиш қароридан сўнг Сеулдаги ҳибсхонанинг 12 квадрат метрли якка тартибдаги камерасига жойлаштирилди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.

“Юн Сок Ёль гумонланувчилар учун мўлжалланган дастлабки сақлаш камерасидан умумий сақлаш бўлимига ўтказилди. У тунни яхши ўтказгани ҳақида хабар олдим”, деди Корея Жазони ижро этиш хизмати бош комиссари Шин Ён Хе.

Маълумотларга кўра, президент жойлашган камера одатда беш ёки олти кишини сиғдира олади. Шин Ён Хе Юн Сок Ёль ҳибсга олиш жараёнида барча расмий тартиб-қоидаларга, жумладан, суратга тушиш ва тиббий кўрикдан ўтишга риоя қилганини тасдиқлади. Шу билан бирга, президент хавфсизлигини таъминлаш мақсадида унинг ишини алоҳида ходим назорат қилаётгани қайд этилди.

“Yonhap” маълумотига кўра, ҳибсхонада президент хавфсизлигини таъминлаш учун полиция ва Президент хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу Юн Сок Ёль тарафдорлари уни қутқаришга уриниш эҳтимоли сабабли амалга оширилмоқда.

Олдинроқ президент ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга уринишда айбланганидан кейин унинг тарафдорлари суд биносига бостириб кириб, вайронагарчиликлар келтириб чиқарганди. Улар президентни ҳибсга олиш қарорини қабул қилган судьяларни ҳам топишга уринган. Ушбу ҳодисалар оқибатида бир неча полиция ходими жароҳат олган. Полиция бу тартибсизликларда иштирок этган камида 86 кишини қўлга олган ва уларга нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 3 декабрь куни кечқурун Юн Сок Ёль Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилган эди. Аммо бу ҳолат тахминан олти соатдан кейин бекор қилинди. Шундан сўнг, 14 декабрь куни Юн Сок Ёлга нисбатан импичмент эълон қилинди. Оқибатда унинг ваколатлари тўхтатилди.

Бирлашган тергов гуруҳи 14 декабрь куни парламентда импичмент эълон қилинганидан кейин ваколатлари тўхтатилган Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олишга ордер бериш учун Сеул судига мурожаат қилганди. Жанубий Корея суди терговчиларнинг илтимосини қаноатлантириб, Юн Сок Ёлни ҳибсга олишга ордер берди. Ордерга эга терговчилар 3 январь куни мамлакат тарихида биринчи марта президент қароргоҳига уни ҳибсга олиш мақсадида етиб борган,  аммо терговчилар Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш бўйича бўлган беш соатлик қарама-қаршиликдан сўнг унга қарши ордер ижросини тўхтатишга қарор қилган. 7 январь куни Жанубий Корея суди мамлакат президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш учун яна ордер берди. 15 январь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари Жанубий Корея президентини фитна иши бўйича ҳибсга олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Юн Сок Ёль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг