Юн Сок Ёль КХДРга Кореялараро ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди
Олам
−
15 Август
2738Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль яриморолнинг япон мустамлакачилигидан озод қилинган кун муносабати билан фуқароларга мурожаати чоғида КХДРга кенг кўламли масалаларни муҳокама қиладиган Кореялараро ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
“Бугун мен жануб ва шимол ҳукуматларига Кореялараро ишчи гуруҳ тузишни таклиф қиламан, бу орган кескинликни камайтиришдан тортиб, иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар ва маданий алмашинувлар, табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига қарши курашишгача бўлган масалалар билан шуғулланиши мумкин”, деди Жанубий Корея раҳбари мурожаатида.
Юн Сок Ёль, шунингдек, КХДРни ядросизлантириш эвазига Корея Республикасининг ёрдамини назарда тутувчи ташаббусни эслатди ва Шимолий Корея ядросизланиш йўлида қадам қўйишни бошласа, Жануб сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни бошлашини айтиб ўтди.
Жанубий Корея раҳбарининг сўзларига кўра, бирлашишга эришилмагунча Корея яриморолининг озод этилишини тўлиқ деб ҳисоблаш мумкин эмас. У Пхеньянни ташаббусга жавоб беришга чақирди.
“Бутун яриморолда ягона, эркин ва демократик, халққа тегишли давлат барпо этилса, биз тўлиқ озодлик ҳақида гапира оламиз. Шимолда эркинликка асосланган бирлашиш ўз ҳаётларини яхшилашнинг ягона йўли эканига ва ягона Корея Республикаси уларни қабул қилишига ишонадиган одамлар қанчалик кўп бўлса, эркинликка асосланган бирлашиш тарафдорларининг базаси шунчалик кучли бўлади”, деган Президент Юн Сок Ёль.
Шунингдек, Юн Сок Ёль КХДРда ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашга ваъда берди ва Эркинлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармасини ташкил этиш режасини эълон қилди.
Маълумот учун, 1945 йил 15 августда Япониянинг Корея яримороли устидан мустамлакачилик ҳукмронлиги тугатилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда “Bloomberg” Корея Республикаси ва КХДР ўртасидаги фаразий кенг кўламли урушнинг биринчи йили жаҳон иқтисодиётига 4 триллион доллар зарар келтириши мумкинлиги ва бу жами жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 3,9 фоизини ташкил қилиши ҳақида хабар берганди.
Зебо Туробжонова