“Йўлни тўсиб, озгина ўйин-кулги қилдик”. Куёвжўралар 7 суткага қамалди (видео)
3-саҳифа
−
17:21 1086 1 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида келинни кузатиш маросимида автомобиль йўлининг қатнов қисмини тўсиб, жамоат тартибини бузган 8 нафар фуқаро 7 сутка маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат Гулсарой кўчасида содир бўлган. Бу ҳақда суд қарори юзасидан эълон қилинган видеолавҳада маълум қилинди.
Аниқланишича, 8 нафар фуқаро автомобиль йўлининг қатнов қисмида ҳаракатланишга тўсқинлик қилиб, жамоат тартиби ва юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган. Улар ушбу ҳаракатларини келин кузатиш вақтида юз берган хурсандчилик ва ҳаяжон билан изоҳлаган.
Ҳуқуқбузарлардан бири соат 16:00 атрофида келинни уйидан олиб чиқиш вақтида ҳиссиётга берилиб, йўлни тўсиб қўйишганини айтган. Бошқалари ҳам қилган ишларидан пушаймон эканини билдириб, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлаган.
Telegram мессенжерида тарқалган видео юзасидан суриштирув олиб борилиб, ҳолатга алоқадор шахслар аниқланган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан ҳуқуқбузарлик иши расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Суд қарорига кўра, 8 нафар фуқаронинг ҳар бирига 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Жазо муддатини ҳисоблаш кеча, 3 ноябрдан бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Олот туманида тўй кортежи йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси