Йўлларни яхшилаш учун ҳоким ва ЙҲХХ бирга ишлаши керак – Мирзиёев
Жамият
−
09 Июль 4227 2 дақиқа
Қаерда ҳоким ва ЙҲХХ биргаликда йўл инфратузилмаси билан жиддий шуғулланса, ўша ерда ўзгариш кузатилаётгани қайд этилди. Бу ҳақда бугун, 9 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда айтилишича, мисол учун, Чустдан ўтган ва йилига 10 нафар одам вафот этган D-105 Фарғона ҳалқа йўлининг 6 километрига муҳофаза тўсиқлари ўрнатилгани учун бу йил ўлим билан боғлиқ авария бўлмаган.
Президент топшириғига кўра, халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўллар ҳолати ўрганилган. 1557 километр йўлларда бетон ва темир тўсиқлар, 967 километр тротуар, 38 мингта йўл белгиси етишмаслиги аниқланган.
Шу муносабат билан Президент йўл инфратузилмасини яхшилаш орқали аварияларни камайтириш бўйича “Хавфсиз йўл” миллий дастури бошланишини эълон қилди. “Хавфсиз йўл” миллий дастури доирасида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил қилиниб, Ҳукумат бўйсунувига ўтказилади. Ҳар бир вилоятда жамғарманинг алоҳида филиаллари бўлади.
Қайд этилишича, бу йил жамғармага барча манбалар ҳисобидан 400 миллиард сўм тушиши прогноз қилинган. Бунга қўшимча тарзда фото-видео радардан бюджетга тушадиган жариманинг 25 фоизи ҳам жамғарма ва унинг филиалларига йўналтирилади.
ЙҲХХ тизимидаги йўл белгилари ва светофор ўрнатиш, йўл чизиқларини чизишга масъул корхоналар ҳам вилоятга ўтказилади.
“Жамғарманинг фаолияти шаффоф бўлади, унга вилоят ЙҲХБ ва йўл бошқармаси бошлиқлари, жамоатчилик вакиллари киради”, дея ёзган Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Таъкидланишича, бундан буён ушбу жамғарма маблағлари биринчи галда авария ўчоқлари бўлган хавфли участкаларни тартибга солишга йўналтирилади (йўлни ажратувчи тўсиқлар, йўл белгилари, ёритгичлар ўрнатиш, пиёда йўлаклари ташкил қилиш, чорраҳаларни рақамлаштириш).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда охирги 7 йилда йўлларни қуриш ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси