Юлдуз Усмонова ўзини “запрет”дан Саида Мирзиёева олиб чиққанини айтиб берди

Маданият-санъат

image

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов даврида 11 йил давомида тақиқда бўлган ва мамлакатни тарк этган хонанда – Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўзининг “запрет”дан чиқишига ким сабаб бўлганини айтди. 

“Ҳеч айтмаган нарсамни айтаман. Мени концертларга чиқишимга Президентимизнинг катта қизи Саидахон сабабчи. Тиш-тирноғи билан курашиб, шу қиз олиб чиққан. Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин шу қизга”, дейди Instagram’даги жонли эфир мулоқотида Юлдуз Усмонова. 

Юлдуз Усмонова 2006 йилгача Ўзбекистон сиёсий элитасининг севимли хонандаларидан бири бўлган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мамлакат бош майдонларида Наврўз ва Мустақиллик байрамларини тантанали тарзда нишонлаш урфга айланган ва кўп йиллар давомида ушбу маросимларда финал қўшиғини ижро этиш Юлдуз Усмоновага ишониб топширилган. У Каримов даврида сўнгги бор 2005 йил Мустақиллик байрами ва Конституция қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда чиқиш қилган. 2006 йилга келиб Наврўз байрами тантаналарида финал қўшиғини ижро этиш ёш хонанда Гулсанам Мамазоитовага топширилган ва Каримов вафотига қадар бу ўринни айрим ҳолларда Озодбек Назарбеков, вақти-вақти билан Зулайҳо Бойхонова эгаллаган. 

2007 йилга келиб Юлдуз Усмонованинг қўшиқларига мамлакатдаги барча телеканаллар ва радиоларда тақиқ қўйилди. Хонанда 2007 йилдаги концерт дастуридан сўнг Туркияга жўнаб кетди ва у ерда ўзининг “запрет”га тушгани, сиёсатчиларнинг қўғирчоғи бўлишни истамагани ҳақида “Америка овози” радиосига шов-шувли интервью берди. У ўз сўзида Ўзбекистондаги сиёсий вазиятга ҳам тегиниб ўтган ва бунда унинг танқиди тўғридан-тўғри Тошкентнинг сиёсий элитасига қаратилганини сезиш қийин эмасди. Манбаларга кўра, ўша вақтда Юлдуз Усмонова билан келишмовчиликларнинг давлат томонидаги асосий иштирокчиси марҳум Маданият ва спорт ишлари вазири Алишер Азизхўжаев бўлган. 

2016 йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 78 ёшида вафот этди. Шу йилнинг декабрь ойида мамлакатда Президент сайлови бўлиб ўтди ва Бош вазир лавозимида фаолият юритиб келаётган – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди. Пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ”да партия томонидан ғалаба тадбири ташкиллаштирилди ва унда тарафдорлар орасида Юлдуз Усмонова ҳам кўриниш берди. Шу куннинг ўзидаёқ барча телеканаллар ва радиоларда Юлдуз Усмонованинг қўшиқларига рухсат тегди. Орадан бир неча кун ўтиб хонанда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Конституция қабул қилинган кун муносабати ўтказилган тантанали маросимда чиқиш қилди. Бу эса Юлдуз Усмоновага қўйилган ҳар қандай тақиқлар олиб ташланганининг ифодаси эди. 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Президентлиги даврида Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев, хонанда Озода Нурсаидовага қўйилган тақиқлар олиб ташланди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

2723

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг