Йўл четида ташлаб кетилган юк машинасидан чиққан жасадлар сони 51 тага етди
Олам
−
29 Июнь 2022
15562Техаснинг Сан-Антонио шаҳрида йўл четида ташлаб кетилган юк машинасида ҳалок бўлган муҳожирлар сони 51 нафарга етди. Бу ҳақда Мексиканинг Техасдаги консули Рубен Минутти маълум қилган.
Юк машинасида тирик ҳолда топилган 16 кишидан 5 нафари, жумладан, 4 нафар бола шифохонада вафот этган.
Қайд этилишича, юк машинасидагилар Жанубий Америкадан АҚШга ноқонуний ўтишга уринган муҳожирлар бўлиб, улардан 22 нафари – Мексика, 7 нафар Гватемала ва 2 нафар Гондурас фуқаролари. Қолганларнинг шахсини аниқлаш ҳали тугалланмаган.
Сан-Антонио полицияси бошлиғи Уильям Макманусга кўра, ташлаб кетилган юк машинаси ҳайдовчиси ва унга ҳамроҳ бўлган икки киши ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Сан-Антониода (АҚШ, Техас) юк машинаси ташлаб кетилганди. Дастлаб расмийлар юк машинада 46 нафар муҳожирнинг жасади топилгани, яна 16 киши, жумладан, тўрт нафар бола шифохонага ётқизилганини маълум қилганди.
Муҳожирларнинг ўлимига сувсизлик ва иссиқ уришидан азият чеккани сабаб бўлган.
Айтиш жоизки, Техас губернатори Грегг Эбботт Сан-Антониода юк машинасидан топилган ўнлаб муҳожирларнинг ўлимида АҚШ Президенти Жо Байден ва унинг маъмуриятининг иммиграция сиёсатини айблаганди.
LiveБарчаси