ЙПХ ходимини ҳақорат қилиб, Instagram’га видео жойлаган фуқаро қамалди (видео)
3-саҳифа
−
12:10 757 1 дақиқа
Андижон вилоятининг Бўстон туманида йўл-патруль хизмати инспекторини ҳақорат қилган фуқаро 8 суткага қамалди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли профилактик ойлиги доирасида ЙПХ инспектори Damas русумли автомобилни ҳужжатларини текшириш учун тўхтатган. Текширувда ҳайдовчида ўзига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш учун зарур ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Шундан сўнг, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган. Шу вақтда машинада йўловчи сифатида кетаётган фуқаро телефонига видеога олиб, ЙПХ ходимини ҳақорат қилган. Кейинчалик ушбу видеони Instagram саҳифасига жойлаган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси (Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото- ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) билан судга юборилган. Бўстон тумани жиноят ишлари бўйича судининг қарори билан фуқарога 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Иштихон туманида ижарага олинган Malibu-2 автомобилида ҳаракатланган техникум ўқувчилари йўл-патруль хизмати ходимининг тўхташ талабига бўйсунмай, уни ҳақорат қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси