ЙПХ ходимига бўйсунмаган 17 ёшли Tracker ҳайдовчиси ушланди
3-саҳифа
−
17 Март 4174 1 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инспектор талабларига бўйсунмаган 17 ёшли Tracker ҳайдовчиси ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти хабар берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 15 март кунига ўтар кечаси тахминан соат 02:30 ларда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ходимлар томонидан давлат рақам белгисиз ҳаракатланиб келаётган Tracker русумли транспорт воситаси тўхтатилган.
Транспорт воситаси ҳайдовчиси йўл патруль хизмати инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан номаълум томонга ҳаракатланиб кетган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида транспорт воситаси тўхтатилганда ушбу транспорт воситасини бошқарган фуқаро вояга етмаган 17 ёшли йигит эканлиги аниқланган.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида мутасаддилар томонидан вояга етмаган шахснинг ота-онаси чақирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш мақсадида ҳудудий ички ишлар бўлимига топширилган. Транспорт воситасини бошқарган шахслар вояга етмаганлиги ҳисобга олиниб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосан уларнинг ота-онасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида вояга етмаган ўғилларининг юқори тезликда машина ҳайдашига йўл қўйган ота 5 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси