ЙПХ ходими каналга тушиб кетган Cobalt’дан аёлни қутқариб қолди

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида Cobalt ҳайдовчиси рул бошқарувини йўқотиб, каналга тушиб кетди. Йўл-патрул хизмати ходими машинада чўкаётган аёлни кўриб, уни қутқариб қолди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Рустам Асқаров маълум қилди.

Қайд этилишича, ЙПХ ходими хизмат вақтида олдида ҳаракатланаётган Cobalt бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги каналга тушиб кетганини кўрган. У хизмат автомобилини дарҳол тўхтатиб, ёрдам бериш учун ҳодиса жойига югурган.

“Хизмат олиб бораётган пайтимда олдимда кетаётган Cobalt транспорт воситаси бошқарувини йўқотиб, чап томондаги каналга тушиб кетди. Транспорт воситамни дарҳол тўхтатиб, биринчи ёрдам кўрсатаман деб югуриб бордим. Чўкиб кетаётган аёл кишини кўрдим. Тезда сувга ташланиб, аёлни қутқариб, сув четига олиб чиқдим”, деган ЙПХ ходими.

Аёл қирғоққа чиқарилгач, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган.

Ҳодиса гувоҳларидан бирининг айтишича, у воқеа вақтида Tracker автомобилида ЙПХ ходими ортидан ҳаракатланган.

“Cobalt машинаси шу ерда бошқарувни йўқотиб, каналга тушиб кетди. Ходим кийими билан сувга ўзини ташлади. Сувга тушиб, аёл кишини олиб чиқди, қутқариб қолди”, деган гувоҳлардан бири.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидан ўтувчи каналда оқиб кетаётган болакай фуқаро томонидан қутқариб қолинган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг