ЙПХ инспекторини уриб кетган Tracker ҳайдовчисига ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
10 Май 2022
30463Аввалроқ, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХБ инспекторини Tracker русумли автомобиль уриб юборгани ҳақида хабар бергандик.
Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун судга юборилганини маълум қилганди.
Тошкент шаҳар судларига кўра эса, жорий йилнинг 7 апрель куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Tracker ҳайдовчиси К.У. (1989 йил Тошкент шаҳрида туғилган, Халқ таълими вазирлиги қошидаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУК ҳайдовчиси) га нисбатан жиноят иши кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунига етиб, суд ҳукми эълон қилинган.
Унга кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги қошидаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУК ҳисобидан фуқаровий даъвогар Ш. У. (Cobalt ҳайдовчиси) фойдасига 15 469 100 сўм, жабрланувчи А. А. фойдасига жами 4 060 002 сўм етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланган.
Жорий йилнинг 25 апрель куни эса судланувчи томонидан чиқарилган ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят берилиб, айни пайтда ушбу шикоят Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриш учун расмийлаштирилмоқда.
Апелляция шикоятини кўриб чиқиш якуни бўйича қўшимча ахборот берилади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ИИББ ходимига нисбатан содир бўлган ЙТҲ ўтган йилнинг 23 сентябрь куни соат 07:30 ларда Юнусобод тумани, Амир Темур кўчасида содир бўлган.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХБ инспектори кичик сержант Анвар Отабоев хизмат вазифасини ўташ жараёнида, 1973 йилда туғилган Ш.У. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашинани ҳуштак ва жезл орқали тўхтатган. Шунда унинг орқасидан ҳаракатланиб келаётган, 1989 йилда туғилган К.У. Tracker русумли автомашинани бошқарувини йўқотиб, Cobalt билан тўқнашган ва хизмат олиб бораётган ЙҲХБ инспекторини уриб юбориб, ағдарилиб дарахтга урилган.
ЙТҲ натижасида ЙҲХБ инспектори ҳамда Tracker автомашинасининг йўловчиси Д.У. тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.
LiveБарчаси