Йил бошида ўтган давлат тадбирида “каттакон”ларнинг тушлигига 1,4 млрд сарфлангани маълум бўлди
Жамият
−
24 Ноябрь 2020
10452Жорий йилнинг 24 январъ куни “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги “Congress Hall” мажмуасида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси ва ушбу тадбирни ўтказиш билан боғлик харажатлар 1 миллиард 768 миллион сўмни ташкил қилган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 май куни имзоланган тегишли фармойишида маълумот берилган.
Фармойишда айтилишича, тадбир ўтказиш учун сарфланган пуллар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган. Пуллар тегишли тартибда Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказиб берилган.
Тадбирда меҳмонларни овқатлантиришга “Akfa Dream World” МЧЖ маъсул бўлган. Бу ҳақда Компания ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида тузилган шартномада кўрсатиб ўтилган. Шартномага кўра, 24 январь куни 800 кишининг “Ballroom”да тушлик қилишига 447 млн 174 минг сўм, “Шош”да 400 кишининг тушлиги учун 223 млн 587 минг сўм, “Тошкент 2-3-4”даги 110 кишилик тушликка 61 млн 486 минг 425 сўм ажратиши белгиланган. Ҳар бир шахснинг тушлиги 558 минг 967 сўмдан ҳисобланган.
Шунингдек, шу куни “Congress Hall” залида 250 киши учун тушлик ташкил қилинган. Зал ижара ҳақи (374 миллион 556 минг сўм) ва тушлик (ҳар бир шахс учун 1,53 миллион сўм) учун 757 миллион 652 минг сўм тўланиши шартномада кўрсатилган.
Шартноманинг умумий суммаси 1 млрд 491 млн 599 минг 675 сўм этиб белгиланган. Бажарилган ишлар актига кўра, кўрсатилган хизматлар 1 млрд 302 млн 260 минг сўмни ташкил қилган. ҚҚС 195 млн 339 минг сўмни ташкил этган.
Маълумот учун, “Akfa Dream World” МЧЖ 2017 йил 6 декабрь куни ташкил этилган бўлиб, иқтисодий фаолияти турларининг умумдавлат таснифлагичига (ИФУТ) кўра, моторли транспорт воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Очиқ маълумотларга кўра, компаниянинг тўртта таъсисчиси бор. Уларнинг фақатгина биттаси жисмоний шахс – Баҳодир Абдуллаев бўлиб, у компаниянинг 43,5 фоиз улушига эгалик қилади. Қолган таъсисчилар юридик шахслар – “Wide Tent System” 26,8 фоиз, “Asia Electron” 15,1 фоиз ва “Perfect Plast Profil” 14,6 фоиз улушга эгалик қилади. Ҳозирда компанияга ЖАмшид Абдиев раҳбарлик қилади.
LiveБарчаси