Йиғиштириб олинг. Йўқса, биз сизни “йиғиштириб оламиз” – Турдимов дўкондорларни огоҳлантирди
Жамият
−
24 Ноябрь 2023
42762Самарқанддаги тўрт кунлик текширувда 41 савдо шохобчаси ўрганилиб, 1736 дона яроқлилик муддати ўтган маҳсулот аниқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги маълум қилди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вазият юзасидан йиғилиш ўтказиб, дўкондорларни огоҳлантирди.
“Мени жаҳлим чиққани – уч ойлик бола истеъмол қиладиган болалар овқати ҳам муддати олти ойлаб ўтиб кетгани ва уни халқимизни алдаб сотаётгани кечириб бўлмас воқелик. Ҳурматли дўкондорлар, дўконни эгасимисиз, озиқ овқат сотяпсизми, ноинсофлик қилманг ва муддати ўтган маҳсулотларни сотманг. Йиғиштириб олиб кетинг. Бўлмаса, биз сизни "йиғиштириб олишга" мажбур бўламиз. Айниқса, қўлда тайёрланадиган пишириқларни ҳам, келиб чиқиш манбаси йўқ, сертификатланмаган, қадоқланмаган, муддатлари ёзилмаган нарсаларни булочка, торт деб сотиб ётибди", дейди ҳоким.
Шунингдек, Эркинжон Турдимов харидорлардан маҳсулот харид қилишда эҳтиёт бўлишини сўраган.
“Мен бутун самарқандликларга мурожаат қилмоқчиман. Нимаики сотиб оладиган бўлсангиз, сотиб олаётган нарсангизнинг яроқлилик муддатига қаранг. Чунки, дўконларимизда виждонини "ютган" сотувчилар ҳам йўқ эмас экан. Айримлар балки яроқлилик муддати бир кун ўтган маҳсулотни билмай қолиши мумкин, аммо амал қилиш муддатидан бир неча ой ўтган маҳсулотларни сотишяпти. Бир ой қолган бўлса ҳам ёки бир кун қолган бўлса ҳам олманг. “Майли, фарзандимга ҳеч нима қилмайди”, дейишингиз мумкин, лекин кейинчалик бу унинг соғлиғига салбий таъсир қилади. Эртага чўнтагингиздаги бор пулингизни болангизни даволатишга ишлатиб, дорихонама-дорихона югуришга мажбур бўласиз”, деган ҳоким Турдимов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги 41 киши уй шароитида тайёрланган салатдан заҳарланганди. Шу ойда Самарқанд шаҳрида 49 киши хот-догдан заҳарланди. Сентябрь ойида ҳам вилоятнинг Паст Дарғом туманида бир неча фуқаро овқатдан заҳарланди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь