Европанинг 25 давлатида ёшлар норозилик намойишларига чиқди

Олам

−

image

Европанинг камида 25 давлатида минглаб ёшлар таълимни молиялаштиришни ошириш, иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўриш ва мажбурий ҳарбий хизматни бекор қилиш талаби билан намойиш ўтказди. Акциялар кеча, 20 ноябрь куни “Келажагимиз учун курашамиз, уларнинг урушлари учун эмас” шиори остида ташкил этилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, халқаро ёшлар иш ташлаши доирасидаги намойишлар Буюк Британия, Германия, Испания, Италия ва Хорватия каби мамлакатларда бўлиб ўтган. Германиянинг “Gen Z regelt” (“Z авлод ўзгариш қилади”) ҳаракати мамлакатнинг 73 та шаҳри ва аҳоли пунктида намойишларни ташкил этган.

Германия пойтахти Берлиндаги Александрплац майдонида тахминан 4 минг киши тўпланган. Кёльн шаҳридаги намойишда ҳам минглаб одамлар қатнашган. Бироқ уларнинг сони полиция кутган 5 минг кишига етмаган.

Намойишчиларнинг талаблари турлича бўлган. Улар таълим муассасаларини молиялаштиришни кўпайтириш, мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўриш, ҳарбий харажатларни камайтириш ва яшаш нархининг ошишига қарши чиқишган. Айрим иштирокчилар Фаластин байроқларини ҳам кўтарган.

Италияда эса намойишлар янада кенг кўламда ўтган. Иштирокчилар Бош вазир Жоржа Мелони ҳукуматининг иқтисодий сиёсатига қарши чиқиб, иш ҳақини ошириш ва давлат хизматларига кўпроқ маблағ ажратишни талаб қилган. Мамлакат бўйлаб ўн минглаб одамлар кўчаларга чиққан.

Қайд этилишича, Францияда аввалги намойишлар полиция билан тўқнашувлар ва талон-торож ҳолатлари билан кечган бўлса, 20 ноябрь кунги акциялар асосан тинч ўтган. Европанинг турли шаҳарларида намойишчиларнинг сони бир неча юз нафардан бир неча минг нафаргача бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италияда минглаб ишчилар, хизматчилар ва талабалар Жоржа Мелони ҳукумати сиёсати ҳамда 2027 йилги бюджет лойиҳасига қарши норозилик акцияларида чиққан эди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг