Европада соат миллари бир соат орқага сурилди

Олам

−

image

Европа Иттифоқи давлатлари 25 октябрга ўтар кечаси қишки вақтга ўтди: соат миллари бир соат орқага сурилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Қайд этилишича, 25 октябрга ўтар кечаси Европа Иттифоқи мамлакатлари соат милларини бир соат орқага суриб, қишки вақтга ўтган. Хусусан, Брюсселда эрталабги соат 3:00 да соат миллари 2:00 га сурилган.

Маълумот учун, ЕИда ёзги ва қишки вақтга ўтиш бўйича ягона қоида 1996 йилдан бери амал қилиб келмоқда. Март ойининг охирги якшанбасида соат миллари бир соат олдинга, октябрь ойининг охирги якшанбасида эса бир соат орқага сурилади. 2019 йилда Европарламент соат милларини алмаштиришдан воз кечишни қўллаб-қувватлаган, бироқ ЕИ мамлакатлари бу масалада ҳали ҳам ягона позицияга кела олгани йўқ.

ЕИ ҳудудида учта вақт минтақаси мавжуд: Ирландия ва Португалияда Гринвич вақти, Европа Иттифоқининг саккизта давлатида, жумладан, Финляндия ва Болтиқбўйи мамлакатларида Шарқий Европа вақти (Гринвичдан икки соат олдинда), Европа Иттифоқининг қолган мамлакатларида, шу жумладан, Германияда эса Гринвичдан бир соат олдинда бўлган Марказий Европа вақти амал қилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг