Европа Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириши керак – Стармер

Олам

image

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер кеча, 2 декабрь куни Украинани тинчлик музокаралари учун энг кучли позицияга қўйиш учун Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтириш муҳимлигини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

У Лондондаги чиқишида Россия урушда ғалаба қозонса, Европа хавфсизлиги, барқарорлиги ва фаровонлигига таҳдид солиши, шунинг учун Ғарб Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши жуда муҳимлигини айтган.

“Украина халқи ўзининг хавфсизлиги, мустақиллиги ва келажагини танлаш ҳуқуқини кафолатлайдиган, ўз шартлари асосида адолатли ва мустаҳкам тинчликни таъминлаши учун ушбу мамлакатнинг музокараларда энг кучли позицияга чиқишида ёрдам беришимиз керак”, дея қўшимча қилган Стармер.

Буюк Британия 2022 йилда Россия томонидан уруш бошланганидан бери Украинанинг энг кучли тарафдорларидан бири бўлиб келган ва Киевга янада мураккаб қуроллар, жумладан, жанговар танклар ва узоқ масофага учувчи қанотли ракеталарни етказиб берган биринчи давлат бўлган.

Олдинги изоҳларида Стармер уруш Россия Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегараларини тарк этиши билан якунланиши кераклигини айтган эди. Нашрга кўра, агар АҚШ Киевга ёрдамини камайтирса, Европа Украинани қуроллантиришдаги ролини кучайтириши керак.

Стармернинг сўзларига кўра, барча Европа давлатлари қитъанинг умумий келажагини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилиши жуда муҳим, чунки минтақадаги эркинлик келажаги бугун ҳал қилиняпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТОнинг собиқ бош котиби Йенс Столтенберг Украинага урушни тезроқ тугатиш ва сулҳ учун вақтинчалик ҳудудий ён беришни таклиф қилган эди. Столтенбергнинг сўзларига кўра, Ғарб ва Киев учун ўт очишни тўхтатиш чизиғи зарур. Бу чизиқ етарли даражада 1991 йилдаги вазиятга нисбатан Украинанинг бутун ҳудудини қамраб олиши керак, бироқ яқин келажакда бунинг амалга ошиш имконияти паст.

Диёржон Қувондиқов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия Буюк Британия Украина Кир Стармер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг