Европа Самарқанддаги саммит орқали АҚШга жавоб қайтармоқчи
Олам
−
01 Апрель
18797Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Самарқандда бўладиган саммитни Европанинг АҚШ божларига жавоб бериш стратегиясининг бир қисми деб атади. Бу ҳақда у Страсбургда Европарламент сессиясидаги нутқида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити Европа Иттифоқининг хорижий ҳамкорлар билан савдо муносабатларини диверсификация қилиш стратегияси доирасида АҚШ божларига жавоб бериш элементларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.
“АҚШ тарифларига жавоб стратегиямизнинг элементи савдони диверсификация қилиш бўлади. Савдо бизнес мавжуд бўлган жойга йўналтирилади. Европа аллақачон 76 мамлакат билан савдо битимларига эга ва Европа Иттифоқи бу тармоқни кенгайтирмоқда”, деди Урсула фон дер Ляйен.
Унинг сўзларига кўра, у шу ҳафта Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта билан биргаликда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихда биринчи марта ташкиллаштирилаётган саммитда қатнашиш учун Самарқандга йўл олади.
Қайд этиш жоиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп эртага, 2 апрель куни бир қатор давлатлар, жумладан, Европа Иттифоқи давлатлари учун янги тарифларни эълон қилмоқчи.
“Асосан, бу 25% бож дегани ва бу машиналар ва бошқа нарсаларга тегишли бўлади. Европа Иттифоқи Қўшма Штатлар учун ҳаётни аянчли қилиш учун тузилган ва улар бу ишни ажойиб тарзда қилишди”, деган Трамп февраль ойи охирида журналистларга.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги илк саммит 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Учрашувга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилади ва унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирок этади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Саммит давомида Евроиттифоқ ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича содиқлигини тасдиқлаши кутилмоқда. Булар қаторига транспорт ва рақамли алоқа, муҳим хомашё ресурслари, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги шериклик ҳамда энергетик ўтиш жараёни киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ саммит муносабати билан Самарқанд шаҳрига кириш йўллари вақтинча ёпилиши ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ эса мазкур саммит ўтказилиши муносабати билан шаҳардаги айрим олий таълим муассасаларига 1-5 апрель кунлари қисқа муддатли ўқув таътили берилиши маълум бўлди.
LiveБарчаси