Европа Россияга қарши 20-санкциялар пакетини тайёрлай бошлади

Олам

image

Европа Иттифоқи Украинага қарши Россиянинг тажовузкор уруши сабабли унга қарши навбатдаги – 20-санкциялар пакетини ишлаб чиқишга киришди. Бу масала Литва Молия вазири Криступас Вайтекунас ва Европа комиссиясининг молиявий хизматлар ҳамда Жамғарма-инвестиция иттифоқи бўйича комиссари Мария Луиш Албукерке ўртасида муҳокама қилингани ҳақида Литва Молия вазирлиги кеча, 7 ноябрь маълум қилди.

Вайтекунаcнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи босимни фақат Россияга эмас, балки Беларусга ҳам кучайтириши лозим, чунки у “доимий гибрид ҳужумлар”ни амалга оширмоқда.

“Бизни қувонтирадики, октябрь ойи охирида ЕИ даражасида 19-санкциялар пакети келишиб олинди. Бироқ, айниқса Россиянинг энергетика ва молия секторларига нисбатан босимни янада кучайтириш зарур. Шу боис биз навбатдаги санкциялар бўйича жиддий муҳокамаларни бошлашимиз керак”, деди Литва вазири.

Вайтекунаснинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Беларусга нисбатан чораларни қаттиқлаштириб, уларни Россияга нисбатан амал қилаётган санкциялар даражасига олиб чиқиши ва қўшимча чекловлар жорий этиши лозим. Албукеркенинг айтишича, Минскка нисбатан янги чораларни тайёрлаш жараёни ҳали дастлабки босқичда.

“Биз учинчи давлатлар билан ҳамкорлик қиляпмиз, чунки улар орасида санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам берувчи мамлакатлар ҳам бор”, деган Европа комиссари.

Европа Иттифоқи сўнгги, 19-санкциялар пакетини 23 октябрда тасдиқлаган эди. Унинг доирасида 2027 йилдан бошлаб суюлтирилган табиий газ импортини тақиқлаш, “соядаги флот” деб аталган 117 та кемага нисбатан чекловлар жорий этиш ҳамда Россия дипломатларининг ЕИ ҳудудида ҳаракатланишига нисбатан қўшимча чекловлар киритилган.

Москва Ғарб санкцияларини ноқонуний деб атаб келади. Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков таъкидлашича, мамлакат иқтисодиёти “катта миқдордаги чекловлар остида фаолият юритмоқда” ва уларга нисбатан маълум “иммунитет” ҳосил қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи санкция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг