Европа Россия гази ўрнини АҚШники билан тўлдирмоқчи
Олам
−
09 Ноябрь
2914Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен АҚШнинг янги президенти этиб сайланган Дональд Трампга Европа бозоридаги Россия суюлтирилган газини Америка газига алмаштиришни таклиф қилди. У бу масалани 7 ноябрь куни америкалик сиёсатчи билан телефон суҳбатида кўтарган.
Унинг айтишича, Европа ҳали ҳам Россиядан катта ҳажмдаги суюлтирилган газ олади.
“Нега уни биз учун арзонроқ ва энергия нархини пасайтирадиган Американинг суюлтирилган гази билан алмаштирмаслик керак”, дейди фон дер Ляйен.
Еврокомиссия раҳбари журналистлар билан суҳбатда Брюссель ва Вашингтон ўртасидаги “умумий манфаатлар” атрофидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, АҚШдан суюлтирилган газ етказиб беришни кенгайтириш масаласи Европа Иттифоқининг АҚШ билан савдо балансидаги профицити муносабати билан ҳам муҳокама қилиниши мумкин.
Германия канцлери Олаф Шольц ҳам трансатлантик савдо алоқалари муҳимлигига амин.
“Қўшма Штатларнинг ўсиши ва кучи унинг бутун дунё билан ҳар икки йўналишда ҳам савдо қилишига боғлиқ. Ўйлайманки, умумий сиёсатни ишлаб чиқиш учун асос бор”, деди Германия ҳукумати раҳбари Венгриядаги норасмий Европа Иттифоқи саммитида.
Европа Иттифоқи энергетика масалалари бўйича комиссари Кадри Симсон сентябрь охирида айтганидек, Европа Иттифоқи истеъмол қиладиган барча газнинг атиги 15 фоизини Россиядан олади ва режалаштирилганидек, яқин келажакда ундан бутунлай воз кечишга тайёр.
“Россияга қарамлигимиз 2021 йилдаги 45 фоиздан ўтган йили 15 фоизга камайди”, дея тушунтирди у.
Маълумотларга кўра, октябрь ойи охирига келиб, Европа омборларидаги газ захиралари 95 фоизга етди ва қишдан ўтиш учун зарур бўлган даражадан ошиб кетди.
LiveБарчаси