Европа Хитойга ютқазяпти: минтақада 300 мингта иш ўрни қисқариши мумкин

Олам

image

Европа Иттифоқида Хитой билан рақобат кучайиши сабаб жорий йил охиригача ишлаб чиқариш соҳасида 300 мингга яқин иш ўрни қисқариши мумкин. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, Европадаги металл саноати вакилларини бирлаштирувчи Eurometal ташкилоти Хитой компанияларининг Европа саноатидаги таъминот занжирларига тобора чуқурроқ кириб бораётганидан хавотирда. Ташкилот Брюсселни бу жараёнга қарши чоралар кўришга чақирмоқда.

Eurometal бугун, 7 сентябрь куни Брюсселда Европа Комиссияси қароргоҳи олдида норозилик акциясини ўтказишни режалаштирган. Акция давомида ишлаб чиқариш саноатидаги муаммоларни рамзий ифодалаш учун 10 та тобут олиб чиқилади. Уларга “Европа рақобатбардошлиги”, “саноатдаги иш ўринлари” ва “Европа заводлари” каби ёзувлар туширилади.

Eurometal президенти Александр Юлиуснинг айтишича, Хитой хомашё етказиб берувчи давлат бўлиб қолишни эмас, балки тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжирларининг муҳим қисмини назорат қилишни мақсад қилмоқда. Унинг фикрича, Хитойдан металл ва кимёвий маҳсулотлар каби бутловчи қисмларнинг кириб келиши Европадаги ишлаб чиқаришнинг катта қисмига таъсир кўрсатмоқда.

Европалик ишлаб чиқарувчилар Хитойдан олиб кирилаётган бутловчи қисмларга нисбатан етарлича чекловлар йўқлигини таъкидламоқда. Шу билан бирга, Европадаги металл ишлаб чиқарувчилар пўлат импорти учун божлар ва юқори энергия харажатларидан ташқари, углерод чиқиндилари учун ҳам тўлов қилмоқда.

Юлиуснинг сўзларига кўра, Хитойда ишлаб чиқарилган бутловчи қисмлар бундай тўловларнинг аксариятидан озод. Хитой юанининг нисбатан паст баҳоланиши ҳам Европа компанияларининг хитойлик ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлашишини қийинлаштирмоқда.

Европа Иттифоқи аввалроқ Хитойнинг электромобилларига бож жорий қилган, июнь ойида эса хорижий пўлат импортига нисбатан тарифларни оширган. Шу билан бирга, Европа Комиссиясининг июнь ойидаги таҳлилига кўра, юқори энергия харажатлари ва глобал рақобат сабаб Европада 1 миллиондан ортиқ иш ўрни қисқариши мумкин.

Айни пайтда Европа Иттифоқининг Хитой билан йиллик савдо мувозанатидаги тафовут 360 миллиард еврони ташкил этмоқда. Томонлар савдо уруши олдини олиш мақсадида уч ой давомида музокаралар олиб боришга келишган. Музокаралар октябрь ойида якунланиши кутилмоқда.

Хитой эса Европа Иттифоқини протекционизмда айблаб, хитойлик компания ва маҳсулотларга қарши янги чоралар кўрилган тақдирда жавоб чоралари кўрилишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Volkswagen компанияси харажатларни камайтириш мақсадида 50 мингта иш ўрнини қисқартириш ва автомобиль моделларининг қарийб ярмини ишлаб чиқаришни тўхтатишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг