Европа Иттифоқи билан стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш зарур – Абдулазиз Комилов
Жамият
−
19 Март
3218Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Марказий Осиёнинг геосиёсий ва иқтисодий роли ўсиб бораётган бир пайтда Европа Иттифоқи билан стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 19 март куни Европа Иттифоқи –Марказий Осиё Тадқиқот марказлари форумидаги очилиш маросимида сўз очди.
Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё модернизациясида ўсиб бораётган иштироки, Ўзбекистоннинг Европа билан кучли ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга бўлган садоқатини яна бир бор тасдиқлаган.
“Европа Иттифоқи узоқ вақтдан бери Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун муҳим ҳамкор бўлиб келган, ҳамкорлик умумий қадриятлар, минтақавий барқарорлик ва ривожланишга асосланган.
Сўнгги ўн йил ичида Европа Иттифоқи минтақанинг модернизациясида муҳим роль ўйнади, кенгайиб бораётган савдо ва инвестициялар иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Европа Иттифоқининг ривожланиш йўлидаги иштироки унинг Марказий Осиёнинг салоҳиятига бўлган ишончини ва минтақанинг мустақиллиги, суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашини англатади”, деган у.
Шунингдек, у Ўзбекистон ва Марказий Осиё Европа билан яқин ҳамкорликни ривожлантиришга интилиб, уларнинг умумий география, тарих ва мақсадлари чуқурроқ алоқалар учун асос бўлиб хизмат қилишини билдирган.
“Бугунги форум бир марталик тадбирдан кўра кўпроқ нарсадир; у Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида стратегик мулоқот ва сиёсатни мувофиқлаштиришнинг узоқ муддатли механизмига айланиши имкониятига эга”, деган Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов.
Маълумот учун, 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтади. Европа Кенгаши раиси Антонио Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ушбу саммитда қатнашиш учун Ўзбекистонга келади. Тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида бўлиб ўтади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.