Европа Иттифоқи Арманистонда фуқаролик миссиясини очди
Олам
−
20 Февраль 2023
4541Бугун, 20 февраль куни Европа Иттифоқи Арманистонда Озарбайжон билан вазиятни тартибга солишга ҳисса қўшиши керак бўлган фуқаролик миссияси ишини бошлади. Бу ҳақда Брюсселда йиғилаётган Европа Иттифоқи кенгаши баёнотида айтилади.
“Европа Иттифоқи бугун умумий хавфсизлик ва мудофаа сиёсатининг бир қисми сифатида Арманистонда ЕИ фуқаролик миссиясини ишга туширади”, дейилади унда.
Ҳужжатда миссия минтақада барқарорликни таъминлашга қаратилгани айтилган.
“Арманистон-Озарбайжон чегарасининг Арманистон томонига жойлаштирилган миссиянинг мақсади Арманистоннинг чегарадош ҳудудларида барқарорликни таъминлаш, можародан зарар кўрган ҳудудларда ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни Европа Иттифоқи кўмагида нормаллаштириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлашдан иборат”, дейилади баёнотда.
Маълум қилинишича, ЕИнинг Арманистондаги фуқаролик миссиясининг фақат фуқаролик ходимларининг умумий сони тахминан 100 кишини, шу жумладан 50 га яқин қуролсиз кузатувчиларни ташкил этади.
“Миссиянинг тезкор штаб-квартираси Арманистоннинг Вайоц-Дзор вилоятидаги Ехегнадзор шаҳрида жойлашади. Европа Иттифоқининг фуқаролик режалаштириш ва ўтказиш бўйича ташқи ҳаракатлар хизмати бошқарувчи директори Стефано Томат фуқаролик операциялари қўмондони, Маркус Риттер эса миссия бошлиғи лавозимида ишлайди”, дейилади хабарда.
ЕИ кенгаши баёнотида айтилишича, жорий йилнинг 23 январь куни Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Арманистонда “Кавказда келишувга кўмаклашиш” учун фуқаролик миссиясини ташкил этишни маъқуллаган.
Миссиянинг мандати 2 йилга мўлжалланган бўлиб, доимий патруллик қилиш ва вазият юзасидан [Брюсселга] ҳисоботлар ёзишни кўзда тутади, бу эса Европа Иттифоқининг жойлардаги вазиятни тушунишини оширади. Брюсселдаги экспертларнинг қайд этишича, ушбу миссиянинг ташкил этилиши ЕИ ва Россия ўртасидаги қарама-қаршилик шароитида алоҳида аҳамиятга эга. Бу Европа Иттифоқининг Транскавказдаги таъсирини кучайтиришга ҳисса қўшиши керак.
LiveБарчаси