Европа Исроилни Фаластин ерида тураржой қуришни тўхтатишга чақирди
Олам
−
15 Август 4072 2 дақиқа
Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Исроил ҳукуматининг E1 тураржой режасини илгари суриш қарори икки давлат ечимига янада путур етказиши ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши эканига ишонч билдирди. Бу ҳақда кеча, 14 август куни Европа Ташқи ҳаракатлар хизмати (EEAS) хабар берди.
“Агар қурилиш амалга оширилса, бу қадам босиб олинган Шарқий Қуддус ва Ғарбий Соҳил ўртасидаги географик ва ҳудудий алоқани доимий равишда бузади ва Ғарбий Соҳилнинг шимолий ва жанубий қисмлари ўртасидаги алоқани узади”, деб огоҳлантирди Брюссель.
Европа Иттифоқи яна бир бор Исроилни тураржой қурилишини тўхтатишга чақирди. Қайд этилишича, бу “бир томонлама қарорлар” таранг вазиятни янада кучайтиради ва тинчликка эришиш учун ҳар қандай имкониятни янада бузади,
Европа Иттифоқи Исроил икки давлат ечимининг ҳаётийлигини ҳимоя қилиш чораларини кўриши кераклигига ишонч билдирди.
DPA агентлигининг хабар қилишича, Германия федерал ҳукумати ҳам Исроилнинг Ғарбий Соҳилда қурилиш режаларини ҳам танқид қилган.
“Аҳоли пунктлари қурилиши халқаро ҳуқуқ ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг тегишли резолюцияларига зиддир. Бу икки томонлама келишувга эришиш, шунингдек, Халқаро суд талабига кўра, Ғарбий Соҳилда Исроил томонидан босиб олинишига чек қўйишни қийинлаштиради”, деди Германия ТИВнинг Берлиндаги вакили.
“Reuters”нинг эслатишича, тураржой бўйича иш бошланиши ҳақида аввалроқ Исроил молия вазири, ўта ўнг диний сионизм партияси раҳбари Бецалель Смотрич эълон қилган. Гап E1 лойиҳаси доирасида Қуддусдан 7 км шарқда жойлашган Маале Адумим яқинида 3401 та янги уй-жой ва қўшни ҳудудда яна 3515 та янги уй-жой қурилиши ҳақида бормоқда.
Исроил 1967 йилги Олти кунлик уруш пайтида Ғарбий Соҳил, Шарқий Қуддус ва Ғазо сектори устидан назоратни қўлга киритди. Халқаро ҳуқуққа кўра, бу Фаластин ҳудудларида яҳудийлар тураржойлари қуриш ноқонуний ҳисобланади.
Халқаро ҳамжамият норозилигига қарамай, Исроил сўнгги ўн йилликларда Ғарбий Соҳилда ўнлаб тураржойлар қурди, уларда 500 мингга яқин яҳудий 3 миллионга яқин фаластинлик билан бирга истиқомат қилади.
Айни пайтда Исроил армияси Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини давом эттирмоқда. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 10 август куни Ғазо шаҳри устидан назоратни ўз қўлига олиш режасини тасдиқлаб, бу “урушни тугатишнинг ва буни тезда амалга оширишнинг энг яхши йўли” эканини айтди. Унинг фикрича, Исроилнинг “ишни якунлаш ва ҲАМАСни тўлиқ мағлуб этишдан бошқа иложи йўқ”.
Live
Барчаси