ЕОИИга кириш Ўзбекистонга нима беради?
Таҳлил
−
11 Октябрь 2019
8234Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши масаласи қизғин муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Фикр-мулоҳазалар турли-туман, айрим кишилар мазкур иттифоққа киришни ёқласа, баъзилар эса бунга мутлақо қарши.
Хўш, Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш масаласининг ижобий ва салбий жиҳатлари нималардан иборат?
Таъкидлаш керакки, мазкур Иттифоқ Ўзбекистон Республикаси янги иқтисодий сиёсатининг асосларини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси мақсадларига тўғри келади. Демак, ЕОИИ ва бугунги Ўзбекистон иқтисодий сиёсатларининг асосий мақсадлари бир-бирига мосдир.
Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон давлатларининг умумий майдони 20,3 миллион квадрат километрни ташкил этади, аҳолисининг сони 186 миллион киши, ЯИМ ҳажми 1,9 триллион АҚШ долларига тенг. Кўриниб турибдики, ЕОИҲ – ҳажми жиҳатидан жуда катта бозор ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш Ўзбекистонга улкан имкониятларни яратиб беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан иқтисодий алоқалари кучайиши Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётларига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсата бошлади. Тобора камайиб бораётган ўзаро савдо айланмаси ҳажмлари янада ошди.
Рақамларга мурожаат қилайлик. Айни вақтда Ўзбекистон ҳудудида Россия капитали иштирокида 950 дан ортиқ корхоналар фаолият юритмоқда, Россияда эса Ўзбекистоннинг иқтисодий субъектлари иштирокида 550 дан зиёд корхоналар мавжуд. Икки мамлакатнинг минтақалараро ҳамкорлиги ҳам тобора кенгайиб, ўзбекистонлик тадбиркорлар Россиянинг 70 га яқин ҳудудларидаги корхоналар билан ҳамкорлик қилишмоқда.
Худди шундай Белоруссия билан машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати соҳаси ҳамда маҳаллийлаштиришни кенгайтиришда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга ошириляпти.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда Қозоғистон Республикаси капитали иштирокида 200 дан ортиқ корхоналар, Қирғизистон инвесторлари иштирокида эса 96 га яқин компаниялар фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Қозоғистон ҳудудида 150 га яқин Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси, Қирғизистонда эса 200 дан ортиқ Қирғизистон-Ўзбекистон қўшма корхоналари ўз фаолиятини йўлга қўйган.
Яна бир жиҳат, Иттифоқ доирасида товарларнинг бож тўловларисиз олиб ўтилиши, давлатларнинг ички бозорларига маҳаллий товарларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб бориши, божхона идоралари фаолиятини тартибга солишнинг умумий ва мукаммал тизимини яратиш, капитал ҳаракати эркинлигини таъминлаш имкониятларини яхшилайди.
Аммо унинг айрим салбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Яъни мамлакатимизда маҳсулотлари юқори нархга эга бўлган корхоналар фаолиятига салбий таъсирлар бўлиши, ички бозорда импорт маҳсулотлари ҳажмининг кўпайиши, айрим товарлар бозорида рақобатнинг ортиши, ҳозир турлича бўлган техник тартибга солиш ва стандартларни бир хил қилиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши ҳамда тайёр саноат товарларини ишлаб чиқариш бўйича туманлараро тафовут ортиши мумкин.
Маълумки, мамлакатимизда экспорт, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш муҳим вазифа қилиб белгиланган. Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Евроосиё иттифоқи билан интеграциялашув жуда муҳим вазифа ҳисобланади. Қолаверса, ЕОИИга кириш аграр маҳсулотларимизни ЕОИИга аъзо мамлакатларга божхона тўловларисиз экспорт қилиш имкониятини беради-ки, бу катта миқдорда қўшимча фойда кўришга сабаб бўлади.
Қишлоқ хўжалигида ҳам ЕОИИ га киришнинг айрим салбий жиҳатлари бор. Масалан, бу жараён минерал ўғит ишлаб чиқарувчиларга, ўсимликларни ҳимоя қилувчи химикатларни ишлаб чиқарувчи ташкилотларга молиявий зарар етказиш эҳтимоли бор.
Шу билан бирга, ЕОИИга кириш унинг доирасида ягона электр энергияси бозори яратиш ва шу йўл орқали барча аъзо давлатларни нисбатан арзон электр энергияси билан таъминлаш имкониятини ҳам яратади. Бу Иттифоқ аъзоларининг иқтисодий ўсишига ижобий таъсир қилади.
Ўзбекистон Иттифоққа аъзо мамлакатлар ичида меҳнат ресурслари сони бўйича Россиядан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Бу эса Ўзбекистоннинг меҳнат ресурсларига бойлиги ва меҳнат салоҳияти юқорилигини кўрсатади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси ўта муҳим муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирда 2,4 миллионга яқин кишилар ишлаш учун чет элга чиқиб кетган. Ташқи мигрантларнинг асосий қисми Россия Федерациясига (2,2 млн киши ёки 91,7 %) тўғри келмоқда. Ўзбекистон ушбу кўрсаткич билан МДҲ мамлакатлари орасида Россияга кириб келаётган мигрантлар сони бўйича биринчи ўринни эгалламоқда.
Иттифоққа аъзо бўлиш меҳнат муносабатлари масаласида Ўзбекистон учун қуйидаги ижобий натижаларни беради:
- мигрантларнинг хорижий мамлакатдаги ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади;
- мигрантларнинг қонуний йўл билан чиқиб кетиши ва уларнинг аниқ ҳисобини юритишни таъминлайди;
- меҳнат бозоридаги таклиф ҳамда аҳолининг четга чиқиш қизиқишининг юқорилигини ҳисобга олиб, меҳнат бозори мувозанатлигини таъминлайди;
- патент тўловлари бекор қилинади ва бу мигрантларимизга ойига ўртача 150 – 170 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча фойда олиб келади;
- мамлакатимизга хорижий валюта оқимини кўпайтиради, қайтиб келган мигрантлар мамлакатга тайёр ишчи кучи бўлиб ва инновациялар билан келади ва бошқалар.
Шунингдек, Иттифоққа аъзо бўлиш бу борада айрим камчиликлардан ҳам холи эмас. Яъни сифатли ишчи кучининг мамлакатдан чиқиб кетиши ва бунинг оқибатида мамлакатда унга бўлган талаб ва таклифнинг бузилиши юз бериши мумкин.
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев таъкидлаганидек, 1992-2016 йиллар мобайнида “Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш концепциясини яратиш билан шуғулланмади, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишни таъминлай олмади. Бозор иқтисодиётига ўтишда хусусийлаштиришни ўтказиш ва хусусий мулк хавфсизлигини таъминлаш керак”.
Дарҳақиқат, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, бозор иқтисодиёти, иқтисодий фаолиятни ташкил этиш, хусусийлаштириш концепциялари ва дастурларини яратиш ҳамда уларни амалиётга жорий этишда ЕОИИ давлатлари биздан анча олдинга ўтиб кетишган. Шу боис мазкур Иттифоққа аъзо бўлиш уларнинг бу борадаги тажрибасидан ҳам самарали фойдаланиш имкониятини беради.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши мамлакатимиз манфаатларига мос келади. Ҳамма гап ЕОИИга киришда пухта тайёргарлик кўришга боғлиқ. Шундагина бу тадбир халқимизнинг манфаатларига хизмат қилади ва мамлакатимиз иқтисодиёти янада ўсишига ҳисса қўшади.
Одил ОЛИМЖОНОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
LiveБарчаси