Еврокомиссия раҳбари Хитой қўллаётган тактикадан огоҳлантирди
Олам
−
19 Апрель 2023
9400Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Франция Президенти Эммануэль Макрон билан Пекинга қилган сафаридан деярли икки ҳафта ўтиб, Хитой ўзининг геосиёсий манфаатларини таъминлаш учун Европа Иттифоқи мамлакатларини бир-бирига қарама-қарши қўйиш режасини аллақачон ҳаракатга туширганини айтди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
“Кучли Европа сиёсати ЕИ давлатлари ва институтлари ўртасидаги кучли мувофиқлаштиришга, биз дуч келишимиз мумкин бўлган бўлиниш ва забт этиш тактикаларидан қочишга тайёр туришга таянади. Биз сўнгги кунлар ва ҳафталарда бу тактикаларни амалда кўрдик. Европа учун ҳам ҳаракатга ўтиш вақти келди. Энди жамоавий иродани намойиш қилиш, муваффақият нима эканлигини биргаликда аниқлаш ва бизни кучли қиладиган бирликни кўрсатиш вақти келди”, деган Еврокомиссия раҳбари.
Унинг бундай мавзуда гап очиши Франция Президенти Эммануэль Макрон Хитойдан қайтгач, унинг Тайвань борасидаги Вашингтон ва Пекин орасидаги келишмовчиликка Европа аралашмаслиги зарурлиги тўғрисидаги чиқишлари билан боғлиқ. Чунки Макроннинг Европа АҚШга автономликни тугатиши ҳақидаги гаплари Шарқий Европа ва Америка расмийларининг кескин норозилигига сабаб бўлган, улар Франция раҳбарини трансатлантик иттифоққа путур етказгани учун танқид қилган.
Фон дер Ляйен Тайвань масаласида Европа Иттифоқининг “Ягона Хитой” сиёсатига содиқлиги, аммо Тайвань бўғозида “тинчлик ва барқарорликни” сақлаш зарурлигини таъкидлаган. Ғарб иттифоқчилари узоқ вақтдан бери Пекин оролни назорат қилиш учун кенг кўламли ҳарбий аралашувни бошлашидан хавотирда. Чунки бу ярим ўтказгичларни етказиб бериш занжирларини узиши ва глобал иқтисодиётни тўхтатиб қўйиши мумкин.
“Биз статус-квонинг ҳар қандай бир томонлама ўзгаришига, хусусан, куч ишлатишга қаршимиз”, дейди фон дер Ляйен.
Шунингдек, Европа Комиссияси раҳбари 2019 йилда блок Хитойга нисбатан сўнгги умумий сиёсатини эълон қилганидан бери дунёда катта ўзгаришлар бўлганини таъкидлаб, аъзо давлатларнинг барчасини бирлаштира оладиган янги, ягона стратегия ишлаб чиқишга чақирган.
Аммо бу ҳаракат Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида Хитой билан қандай муносабатда бўлиш борасидаги чуқур келишмовчиликлар туфайли барбод бўлган. Бу бўлиниш, айниқса, Макроннинг изоҳларини салбий қабул қилишда яққол намоён бўлди.
LiveБарчаси