Еврокомиссия Google’ни қарийб 3 млрд евро жаримага тортди
Технология
−
06 Сентябрь 2555 2 дақиқа
Еврокомиссия Американинг Google корпорациясини онлайн реклама бозоридаги ҳукмронлик мавқеини суиистеъмол қилишда айбламоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Нашрга кўра, Европа комиссияси (ЕК) интернет-реклама соҳасида рақобат қоидаларини бузганлик учун Google корпорациясига 2,95 миллиард евро миқдорида жарима солган. Брюссель маълумотларига кўра, компания кўп йиллар давомида – 2014 йилдан бошлаб ўз хизматларини рақобатчиларга зарар етказган ҳолда қўллаб келган, бу эса Европа Иттифоқининг фаолияти тўғрисидаги шартноманинг 102-моддасини бузиш ҳисобланади.
Тергов якунларига кўра, Google компанияси бозорда ҳукмронлик мавқеидан фойдаланиб, ўз маҳсулотларига устунлик бергани аниқланган. Еврокомиссия, шунингдек, корпорациянинг бизнес модели манфаатлар тўқнашувига олиб келишини қайд этди: Google бир вақтнинг ўзида реклама жойлаштиради, реклама берувчилар ва интернет-майдон эгалари ўртасида воситачи сифатида қатнашади ҳамда ўзининг реклама маркетплейсини бошқаради. Брюссель компаниядан ўз-ўзига хизмат кўрсатиш амалиётини тўхтатишни талаб қилган.
ЕК баёнотида келтирилишича, реклама Google’нинг асосий даромад манбаи бўлиб қолмоқда. Корпорация ихтиёрида бизнес моделини талабларга мослаштириш режасини Еврокомиссияга тақдим этиш учун 60 кун бор. Нашрнинг ёзишича, Еврокомиссия қарори сиёсий оқибатларга олиб келадими-йўқми, ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Россия ҳукумати Google компаниясига 20 дециллион доллар миқдорида жарима солгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу жарима миқдори эса дунёдаги умумий пул массасидан ҳам ортиқ ҳисобланади.
Live
Барчаси