Евроиттифоқ комиссари Ўзбекистонга келди
Жамият
−
17 Март
3042Бугун, 17 март куни Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Жозеф Сикела Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашди. Бу ҳақда Саидов ўз Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
“Халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Жозеф Сикела жаноблари билан самарали учрашув ўтказдик. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлларини ўрганиб чиқиб, иқтисодий ҳамкорлик, сармоявий ва минтақавий барқарорликка катта эътибор қаратдик”, дея ёзган Бахтиёр Саидов.
Шунингдек, Саидов Европа Иттифоқи ишончли ва стратегик шерик бўлиб қолаётгани ва умумий фаровонлик йўлида ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканликларини ёзиб қолдирган.
Жозеф Сикела 12-18 март кунлари Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам ташриф буюриши кутилган эди. Унинг Марказий Осиёга саёҳати Туркманистон Республикасидан бошланди. Туркманистонда бўлиб ўтган учрашувлар давомида ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни амалий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Савдо муносабатларини ривожлантириш, транспорт алоқалари, энергетика хавфсизлиги, инновацион ва сармоявий фаолиятни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шу доирада Европа Иттифоқининг “Global Gateway” ташаббусини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. Қолаверса, айнан ўша куни коммисарни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қабул қилди.
Шундан сўнг, Европа Иттифоқи комиссари ўз ташрифини Қозоғистонда давом эттирди. У ерда ҳам вакилни мамлакат Президенти Қосим Жомарт Тўқаев қабул қилди. Томонлар минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди. Халқаро майдонда, шу жумладан “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” формати доирасида ёндашувларни янада мувофиқлаштиришга ўзаро тайёрлик тасдиқланди.
Сикеланинг кейинги манзили Тожикистон бўлди. У, ташриф доирасида дунёдаги энг йирик энергетика инфратузилмаларидан бири бўлган Роғун гидроэлектр станциясига ташриф буюрди. Анъанага мувофиқ уни ҳам Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон қабул қилди. Икки ўртада Тожикистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар истиқболлари ҳамда долзарб минтақавий муаммолар муҳокама қилинган.
Жозеф Сикелани Қирғистондаги ташрифи доирасида бугун, 17 март куни мамлакат Президенти Садир Жапаров қабул қилган. Учрашувда стратегик ҳамкорликнинг асосий масалалари муҳокама қилинган. Президент Европа Иттифоқи Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери унинг ишончли ҳамкори бўлиб келганини таъкидлаган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Жозеф Сикелани қабул қилиши кутилмоқда.
LiveБарчаси