Ёш тадбиркорларга миллионерлар қандай маслаҳат беради?

Интервью

Жорий йилнинг 21 октябрь куни Тошкентдаги “Hilton” меҳмонхонасида Ўзбекистон бўйлаб катта-кичик тадбиркорларни жамлаган “Business Port” лойиҳасига старт берилди. Номи ҳам “порт” кимдир сузиб келади, кимдир кетади... энг муҳими, бизнес чўкмайди!

“Business Port” доирасида тадбиркорларга ҳуқуқий, молиявий, солиқ, банк, интеллектуал мулк, маркетинг ва PR, халқаро муносабатлар, кадрлар сиёсати ҳамда рақамлаштириш соҳаларида амалий маслаҳатлар бериш, шу йўналишларда малакали кадрлар базасини шакллантириш кўзда тутилган.

Тадбирда иштирок этган 250 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан 267 мингга яқин иш ўрни яратилган, 1,7 миллиард долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинган, уларнинг умумий товар айланмаси 192 триллион сўмдан ортиқни ташкил этади. 2024 йилда айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 203 та корхона фаолият юритган бўлса, жорий йилда уларга яна 47 та корхона қўшилди.

QALAMPIR.UZ тадбирни бевосита ёритиб, унда иштирок этган расмийлар, бизнес эгалари ва мутахассисларга Ўзбекистонда тадбиркорлар фаолияти, уларнинг жаҳонга чиқиш салоҳияти, малакали кадрларни топишда юзага келаётган қийинчиликлар ҳамда бугунги тадбирнинг аҳамияти борасида саволлар билан мурожаат қилди.

“Энди албатта тадбиркорликда кадрлар етишмаслиги сезилади. Сабаби касбга ўргатиш бир вақтлар бўлмаган. Шунинг учун биз қийналамиз, мутахассисларни топишда. Аммо ҳозир кўплаб ўқув курслари очилмоқда хоҳ онлайн, хоҳ офлайн шаклда. Ўзимиз ҳам тажрибамиздан келиб чиқиб, ёшларни тадбиркорликка тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз”, дейди “Muynak Tour” МЧЖ раҳбари Амина Бекжонова.

 

“Ҳатто ўғлимга ўзингни бизнесингни бошлама дейман, чунки аввал тажрибали бизнес эгалари ёнида полигонда ўқиш керак. Муваффақият бу тажрибанинг натижаси, тажриба эса хатоларнинг натижаси. Ўзинг хато қилиб қимматга тушсанг, ишончингга ва кайфиятингга таъсир қилади. Лекин устоз керак. Устоз отангдай улуғ, дейишади. Ҳар бир учрашув бу экилган уруғ. Математикада 1+1=2 бўлса, бизнесда 1+1=11: куч, тажриба ва билим бирлашганда самара, барака бўлади”, дейди тадбиркор Ҳасан Мамасаидов.

Ўз даври билан ҳозирги бизнес муҳити орасида осмон билан ерча фарқ борлигини айтган “Эрмак” бренди асосчиси Валижон Солиҳов, ёшларда бизнес бошлаш учун энг аввало истак ва хоҳиш бўлиши кераклигини таъкидлади.

“Дунёга чиқиш учун юқори сифатли маҳсулот ва ҳаракат, интилиш керак. Ўзбек бизнесининг жозибадорлиги ўзбекнинг жозибадорлиги билан ёнма-ён. Миллий жозиба деган нарса бор: миллатнинг меҳмондўстлиги, кўнгилчанлиги. Бизнесда бирламчи нарса бу инсонийлик ва одамийлик. Шу сабабли биздаги яхши одатлар меҳмондўстлигимиз, самимийлигимиз, кўнгилочиқлигимиз асосий бойлигимиз. Шу туфайли бизни кўпчилик яхши кўради”, деди у.

Тадбирда интернет ва ОАВда реклама масаласида маъруза қилган QALAMPIR.UZ асосчиси Қамариддин Шайховга кўра, сунъий интеллект даврида яшаётганимизга қарамай, ўзбек тадбиркорлари рақамли имкониятлардан етарлича фойдалана олмаяпти.

“Ҳозир шу залдаги 300 дан ортиқ тадбиркордан телефонидан ChatGPT ёки Google’га кириб, ўзининг ёки корхонасининг номини ёзишини сўрадим. Қани, сиз ёки корхонангиз ҳақида интернетда қандай маълумот чиқади? Бу жуда муҳим. Чунки сиз экспорт қилмоқчисиз, жаҳон бозорига чиқмоқчисиз, халқаро алоқалар ўрнатмоқчисиз, интернетда сиз ҳақингизда ҳеч бўлмаганда ўз мамлакатингизда нима деб ёзилганини билиш керак. Афсуски, кўплаб тадбиркорлар фақат бошига оғир кун тушгандагина ёки ўзи ҳақида нотўғри ахборот чиққандагина ОАВни эслаб қолади”, дейди у.

Самарқандлик энг ёш тадбиркорлардан бири 23 ёшли Нилуфар Омоновани эрталаб уйғонишга илҳомлантирадиган нарса йиллик айланмасини миллиард сўмга етказиш, чемпион тадбиркорга айланиш ва янги иш ўринларини яратишдир. Жаҳон бозорига чиқиш борасида эса у тадбиркорларнинг қуйидаги хатоларини санаб ўтди:

“Аслида дунё бозорига чиқиш учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар яратилган. Асосий муаммо кўп ҳолларда тадбиркорнинг ўзида. Масалан, раҳбар тил билмайди, жамоада хорижий тилларни биладиган кадрлар етишмайди, изланиш кам. Менимча, бу энг катта камчилик. Чунки экспорт учун барча шароит бор”, дейди MIT Academy асосчиси.


Мақола муаллифи

Теглар

тадбиркор Қамариддин Шайхов миллионер Business Port Амина Бекжонова Ҳасан Мамасаидов Валижон Солиҳов Нилуфар Омонова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг