Ёш боласини аёвсиз калтаклаган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
26 Декабрь 2022
9503Аввалроқ Самарқанд вилоятининг Ургут тумани Ватак маҳалласида яшовчи аёл ўз боласини шафқатсиз калтаклаётгани ҳақида хабар қилган эдик. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
“2022 йил 24 декабрь куни Ургут тумани Ватак маҳалласида яшовчи фуқаро Г.О. Россия Федерациясига ишлаш мақсадида кетган турмуш ўртоғи билан телефон орқали мулоқот қилиш жараёнида, ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчиликдан сўнг, турмуш ўртоғига жаҳл қилиб, ўзининг вояга етмаган фарзандини урган. Ҳолатни телефон аппаратида видеотасвирга олиб, видеони турмуш ўртоғига юбориб, вояга етмаган фарзандларини ўлдириш билан қўрқитган”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат бўйича Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г.Ога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми ва 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
“Ҳозирда жабрланувчининг аҳволи яхши бўлиб, шифокорлар кузатувида”, дейилади расмий хабарда.
Жиноят иши эса Самарқанд вилояти ИИБ томонидан назоратга олинган.
LiveБарчаси