Ёш болаларни ҳақоратлаган “Сўғдиёна”нинг сербиялик дарвозабонига чора кўрилди
Спорт
−
17 Август 2023
10938Аввалроқ футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати доирасидан ўрин олган “Нефтчи” ва “Сўғдиёна” ўйинида Жиззах клубининг сербиялик дарвозабони Милан Митрович тўп узатувчи ёш футболчилар ва стадион ходимларини ҳақоратлагани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитаси томонидан футболчига тегишли чора кўрилгани маълум қилинди.
Қайд этилишича, дарвозабоннинг бу хатти-ҳаракати оқибатида стадионда тартибсизликлар юзага келган ва бир қатор футбол ишқибозлари техник зона чегараларини кесиб ўтиб, майдонга тушишга, оммавий жанжал келтириб чиқаришга ҳаракат қилган. Шу сабабли қўмитанинг қарори билан Милан Митровичга нисбатан 2 та ўйинга четлаштириш ва жарима интизом чораси қўлланилган.
Шунингдек, мазкур учрашув якунланганидан сўнг “Нефтчи” футбол клуби мухлислари трибунадан майдонга югуриб чиққани, учрашув вақтида ва учрашув якунланганидан сўнг майдон ҳамда футболчилар томонга турли буюмлар улоқтиргани ҳамда оммавий тартибсизликлар сабаб “Нефтчи” футбол клубига нисбатан жарима интизом чораси қўлланилган.
“Жамоа шу каби ҳолат такрорланган тақдирда “Нефтчи” футбол клубининг уй учрашувларини мухлисларсиз ўтиши тўғрисида огоҳлантирилди”, дейилган қўмита қарорида.