Ерга ўртача ўлчамдаги астероид урилса нима бўлади?
Бу қизиқ
−
08 Февраль
19752Жанубий Кореянинг Пусан Миллий Университети ҳузуридаги Иқлим физикаси маркази олимлари иқлимни моделлаштириш бўйича янги тадқиқотда ўртача ўлчамдаги (диаметри 500 м ) астероиднинг эҳтимолий зарбаси оқибатида Ерда юзага келадиган иқлим ва ҳаёт шароитларининг ўзгариш сценарийсини тақдим этди. Бу ҳақда тадқиқот “Science Advances” журналида эълон қилинди.
Тадқиқотга кўра, қуёш тизими Ер орбитасига яқин жисмларга тўла. Уларнинг аксарияти Ер учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди, бироқ баъзилари тўқнашиш эҳтимоли жуда кичик бўлса ҳам кузатув остидаги объектлар қаторига киритилган. Улар орасида 500 метрлик диаметрдаги Бенну астероиди ҳам бор. Сўнгги тадқиқотларга кўра, у 2182 йил сентябрида Ер билан тўқнашиш эҳтимоли 1:2700 ни ташкил этади. Бу тахминан танга 11 марта кетма-кет бир хил томони билан тушиш эҳтимолига тенг.
Тўқнашув оқибатида юқори атмосферага бир неча юз миллион тонна чанг сочилиши мумкин.
Олимлар суперкомпьютер ёрдамида Бенну астероидининг Ерга урилиши мумкин бўлган бир неча сценарийсини моделлаштирди. Ҳисоб-китобларга кўра, 100-400 миллион тонна чанг ажралиши оқибатида тўқнашувдан кейинги 3-4 йил давомида иқлим, атмосферанинг кимёвий таркиби ва глобал фотосинтез кескин ўзгаради. Энг оғир сценарий бўйича қуёш нурланишининг тўсилиши Ер сиртининг глобал совишига олиб келади, ҳарорат 4°C га пасаяди, ўртача ёғингарчилик 15 фоизга камаяди ва озон қатлами тахминан 32 фоизга зарар кўради. Аммо бу ўзгаришлар минтақавий даражада анча кескин бўлиши мумкин.
“Кескин совийдиган иқлим шароити ўсимликларнинг ўсишига ёмон таъсир қилади, бу эса дастлабки босқичда қуруқлик ва денгиз экотизимларида фотосинтезни 20-30 фоизга қисқартиради. Бу, эҳтимол, глобал озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий путур етказади”, дейди доктор Лан Дай.
Океан моделларини таҳлил қилган олимлар кутилмаган натижага дуч келди: фитопланктон ўсиши бутунлай бошқача йўл тутган. Қуруқликдаги ўсимликлар фотосинтези 2 йил ичида аста-секин тикланган бўлса, океанда планктон атиги 6 ой ичида қайта тикланиб, ҳатто одатдагидан ҳам кўпроқ ўса бошлаган.
Олимлар бу кутилмаган жавобни чанг таркибидаги темир миқдори билан изоҳлади. Темир сув ўсимликлари учун асосий озиқ модда ҳисобланади, бироқ баъзи минтақаларда, хусусан, Жанубий океан ва тропик Тинч океанининг шарқий қисмида унинг табиий миқдори жуда паст. Агар астероид ва атмосферага тарқалган ер материали таркибида кўп миқдорда темир бўлса, озиқа моддаларига эҳтиёж сезадиган ҳудудлар биофойдаланиш мумкин бўлган темир билан бойитилади, бу эса сув ўсимликларининг мисли кўрилмаган даражада гуллашига олиб келади. Компьютер моделларига кўра, тўқнашувдан кейинги денгиз маҳсулдорлиги ўсиши айниқса диатом деб аталувчи силикатга бой сув ўсимликлари орасида яққол намоён бўлади. Уларнинг гуллаши зоопланктон – диатомлар билан озиқланадиган майда йиртқичлар сонининг ҳам кескин ошишига сабаб бўлади.
Тўқнашув оқибатида юзага келадиган 400 миллион тонна чанг чиқиши туфайли иқлим ва экологиядаги ўзгаришлар қуйидагиларни ўз ичига олади: ташқи ҳароратнинг ҳудудий ўзгариши (юқори чапда), умумий ёғингарчилик миқдорининг ўзгариши (юқори ўнгда), қуруқликдаги соф бирламчи маҳсулдорликнинг тўқнашувдан кейинги дастлабки 24 ой давомида ўртача фоизли пасайиши (қуйи чапда) ва денгиздаги соф бирламчи маҳсулдорликнинг тўқнашувдан кейинги 10-38 ой давомида ўртача фоизли ўзгариши (қуйи ўнгда) назорат моделлаштириш билан солиштирилган ҳолда.
Моделлаштирилган фитопланктон ва зоопланктоннинг ҳаддан ташқари гуллаши биосфера учун фойдали бўлиши мумкин ва узоқ давом этадиган қуруқлик маҳсулдорлигининг пасайиши туфайли юзага келадиган озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини қисман юмшатишга ёрдам бериши эҳтимоли бор.
Ўртача катталикдаги астероидлар Ер билан ҳар 100-200 минг йилда бир марта тўқнашади. Бу эса шуни англатадики, қадимги инсон аждодлари бундай сайёравий ўзгаришларни илгари ҳам бошдан кечирган бўлиши мумкин ва бундай ҳодисалар инсон эволюциясига, ҳаттоки генетик тузилишимизга ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилнинг декабрь ойида астрономлар томонидан кашф этилган диаметри 70 метр 2024 YR4 астероиди 2032 йил 22 декабрда тўқнашиши мумкинлиги хабар қилинганди. Лекин тўқнашув эҳтимоли ҳақидаги маълумотлардаги катта фарқ кузатиш вақти қисқа бўлгани ва прогноз қилинган давр 8 йилга чўзилгани билан боғлиқ. 2028-2029 йилларда қўшимча кузатишлар орқали бунга аниқлик киритилади. Шу сабабли, астероиднинг ерга умуман тушмаслиги ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
LiveБарчаси