Ерга ўхшаш сайёралар коинотда жуда кўплиги маълум бўлди – тадқиқот

Бу қизиқ

image

Ерга ўхшаш сайёралар коинотда илгари ўйланганидан анча кўп учраши мумкин. Бу ҳақдаги тадқиқот “Science Advances” журналида эълон қилинди.

Янги маълумотларга кўра, қуруқ ва тош таркибли сайёраларнинг шаклланиши ёш юлдуз тизимлари яқинида содир бўладиган ўта янги юлдузлар (супернова) портлашларининг табиий оқибати бўлиши мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ер ва бошқа Ер типидаги сайёралар муз ва тош аралашмасидан иборат “планетезимал” деб аталувчи жисмлардан ҳосил бўлган. Келажакдаги сайёралар қуруқ ва тошли бўлиши учун бу “хомашё” дастлаб сувнинг катта қисмини йўқотиши керак. Бу жараёнда қисқа умрли радиоактив изотоплар, хусусан алюминий-26 парчаланиши натижасида юзага келган иссиқлик муҳим рол ўйнаган. Қадимий метеоритлар таҳлили орқали унинг Қуёш тизимининг илк даврида мавжуд бўлгани тасдиқланган.

Аввал олимлар бу каби изотоплар протопланетар дискка фақат яқин атрофдаги супернова портлаши орқали тушган, деб ҳисоблаган. Бироқ ҳисоб-китоблар зиддиятни кўрсатган: зарур миқдордаги радиоактив моддаларни етказиш учун портлаш жуда яқин бўлиши керак ва бундай ҳолатда у сайёралар шаклланаётган дискни бутунлай вайрон қилган бўларди.

Токио университети олими Ре Саваада бошчилигидаги тадқиқотчилар янги изоҳни – “шўнғиш механизми”ни таклиф қилди. Ушбу моделга кўра, супернова ёш Қуёш тизимидан тахминан 3,2 ёруғлик йили масофада, хавфсиз оралиқда портлаган. Портлаш тўлқини зарядланган заррачаларни тезлаштириб, уларни космик нурлар оқимига айлантирган.

Ҳисоб-китобларга кўра, радиоактив элементлар протопланетар дискка икки йўл билан кирган. Изотопларнинг бир қисми, масалан темир-60 тўғридан тўғри чанг зарралари орқали, бошқа қисми, жумладан алюминий-26 эса диск ичида ҳосил бўлган – космик нурлар барқарор атомлар билан тўқнашиб, ядровий реаксияларни бошлаб берган. Ушбу механизм жамланмаси метеоритларда топилган радиоактив элементлар таркибини аниқ такрорлайди.

Муаллифларнинг таъкидлашича, бундай шароитлар етарлича тез-тез юзага келган бўлиши мумкин. Уларнинг баҳосига кўра, Қуёшга ўхшаш юлдузларнинг 10-50 фоизи шунга ўхшаш радиоактив изотоплар даражаси мавжуд муҳитда шаклланган бўлиши мумкин. Бу эса сув захираси чекланган, қуруқ ва тошли – ҳаёт учун потенсиал мос сайёралар галактикада одатий ҳол бўлиши мумкинлигини англатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқаро астрономлар жамоаси Атакама йирик миллиметр/субмиллиметр массиви (ALMA) ёрдамида “Cloverleaf” номи билан танилган машҳур квазарнинг (кўринадиган оламдаги энг ёрқинлари қаторига кирадиган астрономик объектлар синфи) кузатувларини амалга оширгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ер сайёра коинот галактика

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг