Ереванда полиция ва мухолифат тарафдорлари ўртасида тўқнашув бўлди (видео)
Олам
−
30 Май
4705Арманистон пойтахти Ереванда бугун, 30 май куни “Тавуш Ватан номи билан” ҳаракатининг норозилик митинги бўлиб ўтяпти. Намойишчилар тўпланган Республика майдонида кескин вазият юзага келди. Бу ҳақда “Sputnik Арманистон” хабар берди.
Дастлаб, ҳаракат тарафдорлари машиналарда майдон периметри бўйлаб айлана ҳосил қилди. Шундан сўнг полиция намойишчилар машиналарини эвакуация қила бошлади. Автомобилдаги намойишчилар машиналарини ташлаб, қолган намойишчиларга қўшилди.
Митинг иштирокчилари ва полиция ходимлари ўртасида вақти-вақти билан тўқнашувлар бўлиб турибди.
Ҳаракат етакчиси, архиепископ Баграт Галстанян тарафдорларини провокацияларга берилмасликка ва айни дамда Бош вазир Никол Пашинян раислигида Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши бўлиб ўтаётган ҳукумат биносига боришга чақирди.
Воқеа жойига полиция кучлари ва қўшин сафарбар этилган.
Эслатиб ўтамиз, Арманистонда норозилик намойишлари 19 апрель куни Ереван ва Баку ўртасида Тавуш билан чегарани делимитация қилишни бошлаш бўйича келишувга эришилгани маълум бўлганидан кейин бошланган эди. 9 май куни Тавушдан Еревангача бўлган кортежни олиб борган архиепископ Баграт Галстанян Бош вазирни истеъфога чиқишга чақирганди.
Муҳаммаджон Ҳайдаралиев
LiveБарчаси