Ер юзида ҳаёт икки марта пайдо бўлган бўлиши мумкин – тадқиқот
Бу қизиқ
−
15:46 2400 3 дақиқа
Генрих Гейне номидаги Дюссельдорф университети биологлари бошчилигидаги халқаро олимлар гуруҳи жонсиз материядан ҳаётга ўтиш чегарасини бир-биридан мустақил равишда ҳаётнинг икки асосий тармоғи – бактериялар ва археялар босиб ўтган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу ҳақдаги тадқиқот “Science Advances” журналида эълон қилинди.
“Ҳайратланарлиси шундаки, ушбу реакцияларни тезлаштирувчи ферментлар бактериялар ва археяларни ажратиб турувчи эволюцион бўшлиқ орқали сақланиб қолмаган. Янги маълумотлар фақат битта хулосага олиб келади: бактерия ва архея тармоқлари эркин яшовчи ҳолатга бир-биридан мустақил равишда ўтган. Фақат эркин яшовчи ҳужайраларгина тирик ҳисобланади. Нарсаларни ўз номи билан атайлик: биз генетик коднинг ягона келиб чиқишини, лекин ҳаётнинг иккита келиб чиқишини кузатмоқдамиз”, дейди биолог Уильям Мартин.
Олимлар бактериялар ва археялар геномидаги асосий метаболик ферментларнинг оқсил тузилишларини ўрганган ва уларни мураккаблиги бўйича саралаш ҳамда пайдо бўлиш тартибини аниқлаш имконини берувчи алгоритмни ишлаб чиққан. Маълум бўлишича, барча ҳужайраларнинг охирги универсал умумий аждоди – LUCA – метаболизм реакцияларининг фақат ярмига яқини учун ферментларга эга бўлган, қолган ярмини эса LUCA пайдо бўлган муҳитдаги (эҳтимол, гидротермал манбалардаги) металлар катализ қилган.
Жамоа катализ ривожланишининг тўрт босқичини ажратиб кўрсатган: дастлаб реакциялар тўлиқ муҳитдаги металларга боғлиқ бўлган, сўнгра протоҳужайралар ташқи катализаторларни сиқиб чиқариб, аста-секин ўз ферментларига эга бўлган ва охир-оқибат уларга умуман эҳтиёж сезмай қўйган – шундан кейингина уларни чинакам эркин яшовчи деб ҳисоблаш мумкин бўлган. Ушбу бўлиниш бактериялар ва археялар бир-биридан ажралганидан сўнг юз берган.
“Биз бактериялар ва археяларнинг аждодлари айни бир муҳим метаболик реакцияни катализ қилиш учун тузилиши жиҳатидан турлича бўлган ферментларни бир-биридан мустақил равишда ишлаб чиққани ҳолатларини кўрмоқдамиз”, дейди биолог Наталья Мрняивач.
Шунингдек, олимлар биологиядан олдинги кимёда мавжуд бўлиши мумкин бўлмаган АТФ молекуласига муқобил вариант таклиф қилган.
“Гидротермал манбаларда табиий равишда учрайдиган фосфор шакли – фосфитни органик бирикмалар билан аралаштирганимизда, фосфорланиш реакциялари тўғридан тўғри сувда, бир кечада содир бўлади. Фосфит ва палладий АТФ ва ферментларнинг ўрнини босади – бу ҳайратланарли ва эрта эволюцияни тушунишни сезиларли даражада соддалаштиради”, дейди молекуляр эволюционист Манон Шликкер.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ердан тахминан 25 ёруғлик йили узоқликда, Жираф (Камелопардалис) юлдуз туркумида жойлашган GJ 3378b сайёраси ердан ташқаридаги ҳаёт учун энг истиқболли номзодлардан бири бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Янги тадқиқотнинг кўрсатишича, у ўз юлдузининг ҳаёт зонасида (яшаш учун қулай ҳудудда) жойлашган ва унда суюқ сув мавжуд бўлиши учун потенциал шароит бор.
Live
Барчаси