“Ён қўшни, жон қўшни”. Энди Канада Трамп кўчаси номини ўзгартирмоқчи

Олам

image

Канада пойтахти Оттавада АҚШ Президенти Дональд Трамп шарафига қўйилган Трамп-авеню кўчасини қайта номлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Марказий парк ҳудудида жойлашган кўча қарийб 25 йилдан бери АҚШ Президенти номи билан аталади. Бироқ Канада ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгани сабабли маҳаллий ҳокимият вакиллари Трамп номи кўчалардан бирида сақланиб қолишини “шармандагарчилик” деб баҳоламоқда.

Оттава шаҳар кенгаши аъзоси Тим Тирнининг маълум қилишича, кўчани қайта номлаш бўйича бир нечта таклиф бор. Улар орасида Тако-авеню номи ҳам бор. Бу ном инглиз тилидаги Trump Always Chickens Out – “Трамп ҳар доим қўрқиб кетади” иборасининг қисқартмаси сифатида таклиф қилинган.

Шунингдек, Обама-авеню, Онтарио-авеню, Канада-авеню, Бивер-авеню, Мексика қўлтиғи-авеню, Канада ғози-авеню, Пелоси-авеню ва Трампнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган комик Рози О’Доннелл номи билан аташ вариантлари ҳам билдирилган.

Кўчани қайта номлаш бўйича овоз бериш Трамп маъмурияти Онтарио кўлини “Америка кўли” деб қайта номлашни кўзда тутувчи фармонни имзолашидан бир кун олдин ўтказилган. Тим Тирнининг айтишича, кўча номини ўзгартириш учун маҳаллий аҳолининг ярмидан кўпи бу ташаббусни қўллаб-қувватлаши керак, шунингдек, масала жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Канада билан давом этаётган савдо уруши фонида Онтарио кўлининг номини “Америка кўли” (Lake America) деб ўзгартириш тўғрисида фармон имзолаганди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг