Ёлланганлар: Россия томонидан Украинадаги урушга жўнатилаётган ўзбекистонликлар
Таҳлил
−
10 Август
29758“Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади” деган ўзбек халқ мақоли бекорга айтилмаган. 2022 йилнинг 22 февралида бошланган Россия-Украина урушининг дастлабки ойларидаёқ рус қўшинлари сафига ёлланаётган ўзбеклар ҳақидаги видеолар ва хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Аммо жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган бу хабарларга ҳукумат даражасида эътибор берилмади. Ўтган 2,5 йил давомида Ўзбекистон Россия томонидан урушга ёлланаётган фуқароларни қуруқ огоҳлантиришдан нарига ўтмай келди. Россия ҳукумати вакилларини бир неча бор Ўзбекистонда қучоқ очиб кутиб олган бўлсалар-да, бирон марта улар олдига ўзбекистонликларни урушга жалб қилмаслик борасидаги аниқ талабларни қўя олмади.
Оқибатда эса бир қанча фуқаролар бегона мамлакат номидан урушга бориб, унинг даҳшатини ўз кўзи билан кўриб, яраланиб, ҳатто ногирон бўлиб охири яна Ўзбекистонга қайтиб келмоқда. Бугун биз эътиборингизга ҳавола этадиган далиллар ҳали тасдиғини топмаган, Ўзбекистон расмийлари рад этиши мумкин бўлган турли хорижий манбалардан олинган хабарлар эмас, Ўзбекистон Олий суди саҳифасида миллионлаб ҳужжатлар орасида билиниб-билинмай, кўриниб-кўринмай турган, бугун Ўзбекистон судларида кўриб чиқилган расмий ҳужжатлардир.
Кўчимов Зафар Зойир ўғли – Россиядаги қурилишда пулини ололмай, урушга кетган самарқандлик йигит
Жорий йилнинг 23 июль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида Кўчимов Зафар Зойир ўғлига нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилди. У 1991 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта, оилали 3 нафар фарзанди бор. Зафар Кўчимов 2023 йил 30 август куни ишлаш мақсадида Россия Федерациясининг Приморье ўлкаси, Владивосток шаҳрига кетган. У ерда Ўзбекистон Республикасининг ҳар хил вилоятларидан бўлган фуқаролар – ўзи билан қўшиб ҳисоблаганда 10 нафар эркак билан “Климатика” номли қурилиш фирмасида ёлланган ҳолда ишлаган. Бироқ уларни ишлатган рус тадбиркори ишчиларнинг 30 минг АҚШ доллари атрофида бўлган пулларини бермайди. Оқибатда Кўчимов ва у ёллаб ишлатган 9 нафар ҳамюртлари ўртасига низо тушади. Кўчимов қурилиш фирмасига бир неча бор мурожаат қилишига қарамасдан ундан олдиндан келишилган ишчиларнинг пулларини олишнинг имкони бўлмаган.
Шу пайтда унинг турмуш ўртоғи телефон орқали Ҳиндистондан Самарқанд шаҳрига онкология соҳасида мутахассис шифокорлар келишгани, қизини даволаш харажатларига 15 миллион сўм кераклигини айтиб қолади.
Рус тадбиркоридан пулини ололмай, иқтисодий тангликка тушиб қолган Кўчимов интернет орқали қўшимча иш излайди. Шунда “ҳарбий хизматга оламиз” деган эълонни кўриб қолиб, ушбу эълонлар орасидан ҳарбий хизматга кирган шахсларга 10 000 АҚШ доллари миқдордаги пулни берадиган фирмага алоқага чиқади. Фирма эса уни Россия мудофаа вазирлигининг Владивосток бўлимига жўнатади ва атиги 5 дақиқа ичида у билан урушга ёлланиш ҳақида шартнома тузилади. 5 апрель куни имзоланган ушбу шартномадан атиги 3 кун ўтиб унга ҳарбий хизматга бориш бўйича чақирув қоғози келади.
“Кўчимов Мудофаа вазирлиги “Военно-Морской Флот” 30926-сонли ҳарбий қисмига “матрос 2” тариф разряд билан Қуролли кучларда хизматга киришиши керак бўлган. Бироқ Россия Федерациясининг Қуролли кучлари хизматига киришига турмуш ўртоғи ва яқин қариндошларининг қаршилиги туфайли ҳамда Россия томонидан Украинага қарши қуролли тўқнашувларда иштирок этишдан қўрқиб, у оила аъзолари билан 2024 йил 08 апрель куни Ўзбекистон Республикасига қайтиб келган. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, З.Кучимовнинг Россия Федерациясининг Қуролли кучлари сафига ҳарбий хизматга кирганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар олинган ва у айбига тўлиқ иқрор бўлган”.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 453-457, 463, 465-468, 471-473, 475-476, 479, 497-4 -497-6 , 499-502-моддаларига асосланиб, суд
“Ҳукм қилди:
Судланувчи Кучимов Зафар Зойир ўғли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1541-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилсин. Судланувчи Кучимов Зафар Зойир ўғлига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1541-моддаси 1-қисми билан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин”.
Йўлдошев Шавкат Алишерович – мажбурий тарзда “Вагнер” сафига ёлланган Ўзбекистон фуқароси
Жорий йилнинг май ойида 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси Йўлдошев Шавкат Алишерович ҳам Россиядаги урушда қатнашиб, ватанига қайтиб келган.
У ҳам 2019 йилда даставвал қурилишда ишлаб, ундан меҳнати эвазига пул ололмай сўнг таксичиликка ўтиб кетган. Бироқ унинг машинасига бир куни ёнида гиёҳванд моддалари бўлган йигит чиқиб қолади ва уни манзилига етказиб қўйиш эвазига яхшигина пул таклиф қилади. Яхши даромаддан умид қилган ўзбекистонлик йигитни эса манзилда полициячилар қарши олади ва қўлга олади. Россия Федерацияси Калужская вилояти Обнинск шаҳар судининг 2021 йил 30 сентябрдаги ҳукмига кўра, Шавкат Йўлдошев 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
У қамоқда жазони ўтаётган бир вақтда, яъни 2022 йилнинг октябрь ойларида “Вагнер” ёлланма ҳарбий ташкилоти ходимлари келиб, жазони ижро этиш колониясининг барча ходимлари ва маҳбусларини йиғиб, “Вагнер” ёлланма жангари ташкилотига ишга киришни, олти ой хизмат қилса, тайинланган жазодан тўлиқ озод бўлишини, номидаги судланганлик ҳолати олиб ташланишини, хизматлари эвазига эса қўшимча мўмайгина пул маблағларини мукофот қилиб, беришларини ва ҳатто исташса РФ фуқаролигини олиб беришини маълум қилиб, уларнинг сафига қўшилувчилар бор ёки йўқлигини сўрашган. Ана шу пайтда колонияда жазо муддатини ўтаётган, тахминан, 20 нафар маҳбус ихтиёрий равишда “Вагнер” ёлланма ҳарбий ташкилотига ўтишини билдиришган. Бироқ уларнинг сафида Йўлдошев йўқ эди.
Орадан бир неча кун ўтиб, колониянинг 3-оператив ишлар бўйича бўлими бошлиғи “Даня” исмли шахс уни суҳбатга чақиради ва “Вагнер” ёлланма ҳарбий ташкилотининг қурилиш ишларига бориш учун юбориладиганларнинг рўйхатига унинг номини сўроқсиз киритиб қўйганини айтади. Икки кун ўтиб, “Даня” исмли шахс уни яна чақириб, “Вагнер”нинг қурилиш ишларига юборилувчилар рўйхатидагилар билан суҳбат ўтказиб, уларга тез орада жўнаб кетишини айтади. Рус миллатига мансуб “Вова” исмли маҳбус у ерга боришга рози эмаслигини маълум қилганида бошлиқ агарда маҳбуслар урушга кетишга рози бўлмаса жазонинг ўталмаган қисмини оғир шароитда ўтказишини айтиб, уларни қўрқитади.
Ўзбекистон фуқароси Йўлдошев эса бошқа маҳбуслар қатори “Вагнер”нинг қурилиш ишларига боришга рози бўлади.
“Улар 2022 йилнинг октябрида самолёт орқали Ростов шаҳрига учиб, автобусда бир қишлоққа борган, у ерда эса унга ўхшаган бир қанча маҳбуслар турли жойлардан олиб келинганлигини гувоҳи бўлган. Маҳбуслар у ерда “Вагнер” ёлланма жангари ташкилоти учун “блиндаж”лар қуриб, жами учта ҳарбий база, биринчи базада 25 та, иккинчи базада 22 та, учинчи базада 19 та “блиндаж” қурганликларини, у ерда фақатгина қурилиш ишларида ишлаганини, “Вагнер” ёлланма жангари ташкилотининг ҳарбий ҳаракатларида иштирок этмаганини маълум қилган”.
2023 йилнинг апрель ойида ўзларини Луганск ҳокимияти вакиллари деб таништирган 5 киши уларни меҳмонхонанинг фаоллар залига йиғиб, “блиндаж” қургани учун раҳмат айтади ва “За отвагу” номли Россия Федерациясининг кўкрак нишонини топширади. Бундан ташқари, конвертда 960 000 Россия рубли пул мукофоти ва судланганлик ҳолати олиб ташланганлиги ҳақидаги маълумотномани беради.
Улар Москва шаҳрига жўнашидан олдин “Россия-Украина” урушида яна қатнашишни хоҳловчилар бўлса, қолишини ва унинг учун яхши пул маблағини беришини маълум қилишган.
Аммо Йўлдошев урушга боришга рози бўлмайди. Россияликлар берган “За отвагу” номли кўкрак нишонини эса Москва шаҳрида жойлашган “Ломбард” дўконига олиб бориб, сотувчига 1 500 рублга сотиб юборади. Россия фуқаролигини ваъда қилган ҳукумат сўзида турмагач, Йўлдошев Ўзбекистонга қайтиб келади ва ҳозирги кунда қилган ишидан пушаймонлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, оилавий шароити оғирлигини маълум қилиб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўрайди.
Шуларни инобатга олган ҳолда Оҳангарон шаҳар суди шундай ҳукм чиқаради:
“Йулдашев Шавкат Алишеровичга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми билан, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин”.
Примов Фаррух Отаниёз ўғли – Украинадаги урушдан ярадор қайтиб келган ўзбекистонлик
Примов 1998 йилда Қашқадарё вилояти Касби туманида туғилган. 2018 йилда Россия Федерациясига мавсумий ишлаш мақсадида бориб, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдосига алоқадорлиги сабабли қўлга олинган ҳамда 2021 йилнинг 25 март куни Москва шаҳри жиноят ишлари бўйича Перовск район судининг 2021 йил 25 мартдаги ҳукмига асосан 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган ва жазо муддатини Россия Федерациясининг Татаристон Республикасида жойлашган 10-сонли қамоқхонада ўтаб келган.
Жазо муддатини ўташи давомида 2022 йил октябрь ойида отаси Қурбонов Отаниёзга телефон қилиб, қамоқхонада доимий сиқувга олинаётганлигини, шу сабабли Россия Федерацияси номидан “Россия-Украина” урушида иштирок этиш учун кетаётганлигини маълум қилади. Отаси унга урушда қатнашмасликни бир неча бор айтган, бироқ унга урушда иштирок этиш тўғрисидаги розилик хатига имзо қўйдириб бўлишганди.
Мана шу ерда диққат қилинг, 2022 йил 9 октябрь куни 131 нафар маҳкум, жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган Мўминжонов Оллоёрбек, Хоразм вилоятида яшовчи “Шерзод” исмли йигит, Фарғона вилоятида яшовчи “Асилбек” ва “Холид” исмли йигитлар билан биргаликда урушга йўл олишади.
“Судланувчи ҳарбий полигонда 2 ҳафта давомида жанговар тайёргарлик ўтаганлигини, ушбу вақт мобайнида уларга жанговар қуроллардан – автоматдан, гранатадан фойдаланиш, ундан отиш, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва шунга ўхшаш ҳарбий тайёргарликларни ўргатишганлигини, шундан сўнг Украина Республикасининг Бахмут вилояти, Артёмовский қишлоғидаги бир эски автотураргоҳга олиб борилганлигини ва у ерда юзлаб ҳарбийлар йиғилганлигини, у ерда уларга жанговар қурол, ҳимоя кийими (бронжилет), ҳимоя бош кийими билан берилганлиги ва йўловчи ташувчи автомашинага ўтиришиб номаълум қишлоққа боришганлигини, шундан сўнг, ҳамма автомашинадан тушиб, дарё томонга бориб мудофаа чизиғига 3 нафардан бўлиб жойлаштирилганлигини, шунда улар ҳарбий кийимларни кийиб, жанговар тайёр ҳолатга келганликларини, уларга қарата Украина аскарлари томонидан доимий артиллерия қуроллари ва дронлар ёрдамида ҳужум қилинганлигини, уларга ҳимояланиш учун ҳар бирларига жанговар қуроллари, граната ҳамда қурол ўқлари берилганлигини, улар Ўзбекистон фуқаролари билан биргаликда 2022 йил 9 октябрь кунидан 2022 йил декабрь ойи охирларига қадар “Вагнер” ҲХКнинг “6-Рота” махсус полки таркибида Украина Республикасининг Бахмут ва Луганск вилоятидаги жанговар ҳарбий ҳаракатларда қатнашганлигини тан олди”, дейилган суд ҳужжатида.
Урушда “Шерзод” ва “Асилбек” исмли ўзбекистонликлар вафот этган. “Холид”ни эса Фаррух Примов охирги маротаба 2023 йилнинг ёз ойларида Анапа шаҳридаги ҳарбий шифохонада даволанаётган вақтида кўрган. Унинг ўзи эса Бахмут вилояти ҳудудида ўтказилган ҳарбий ҳаракатларда ўнг қўлига ўқ тегиши оқибатида оғир тан жароҳати олган ва жанг майдонидан дастлаб, Украина Республикасининг РФ назоратидаги Первмайск шаҳрига, сўнгра Луганск шаҳрига олиб борилган.
РФ Краснодар вилоятининг Анапа шаҳридаги “Вагнер” ХҲКга қарашли шифохонада даволаниб, Украина Республикасидаги ҳарбий жанговар ҳаракатларда қатнашганлиги учун 1.180.000 рубль миқдорида пул маблағларини олган.
Россия Фаррухга урушда кўрсатган “жасорати” учун фуқаролик таклиф қилади, аммо у фуқароликни қабул қилмайди. Шифохонада даволаниб оёққа туриши биланоқ Ўзбекистонга қайтиб келади ва ўз ихтиёри билан ДХХ Қашқадарё вилоят бўйича бошқармасига мурожаат қилиб, қилмишидан пушаймонлигини ва айбига иқрорлигини билдиради.
Унинг отаси эса урушда қатнашгани учун Россия ҳукумати ўғлига берган пулни тўлиғича давлатга топширади ва ўғлини кечиришни сўрайди.
Аммо суд пулларни судланувчининг отасига қайтаришни лозим топиб, Примов Фаррухга қуйидагича жазо тайинлайди.
“Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 454-457, 460, 463, 465-468, 471, 473-моддаларига амал қилиб, суд
Ҳукм қилди:
Судланувчи Примов Фаррух Отаниёз ўғли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддасининг 1-қисми ва 223-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилсин. Судланувчи Примов Фаррух Отаниёз ўғлига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддасининг 1-қисми билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин.
Судланувчи Примов Фаррух Отаниёз ўғлига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Судланувчи Примов Фаррух Отаниёз ўғлига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан, жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин”.
Исм-шарифи номаълум ўзбекистонлик – Чеченистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий бўлинмасига ёлланган.
Жорий йилнинг 12 январь куни яна бир уруш қатнашчисига нисбатан суд иши кўриб чиқилди. Шахси суд ҳужжатида тўлиқ яширилган мазкур фуқаро 2021 йилда Россия Федерациясига ишлаш мақсадида бориб, у ерда турли шаҳарларда мавсумий ишларда шуғулланиб келган. 2022 йилнинг апрель ойида у чеченистонлик танишининг гапига кўниб, Россия томонидан Украина ҳудудида бўлаётган урушга бориш ва эгалланган жойларни қўриқлаш эвазига 300.000 рубль учун Чеченистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий бўлинмасига ёлланади.
Умумий кўнгиллилар сони 800 нафар бўлган ва улар орасида хоразмлик йигит ҳам бор бўлган. Улар ҳарбий тайёргарликдан ўтади ва ҳудудда қўриқлаш ишларини амалга оширади. У 26 январь куни хоразмлик таниши билан Чеченистон Республикасидан Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятига учиб келади ва у ердан Тошкентга қайтади. Урушда қатнашгани учун Чеченистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан берилган пул маблағини оиласига жўнатади. Суд уни бу қилмиши учун Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлайди.
Алексей Равилевич Хаматханов – снайпер. Пригожиннинг исёнида қатнашган ўзбекистонлик.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2024 йил 22 январдаги ҳукми билан 1987 йилда Навоий шаҳрида туғилган, миллати татар, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Алексей Равилевич Хаматхановга оид жиноят иши кўриб чиқилган.
У 2023 йил 3 май куни “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси таклифи билан Москва шаҳридаги бош офисига бориб, тегишли ҳужжатларни имзолаб, Украинага қарши урушга ёлланган.
Шундан сўнг Хаматханов бир ой давомида Краснодар ўлкасининг Молкино қишлоғидаги “Вагнер” лагерида бўлган ва “Кобуксон” чақирув белгиси, лақаби остида снайпер сифатида махсус жанговар тайёргарликдан ўтган.
У Луганск шаҳри яқинида жойлашган ва Украинадаги қуролли кучларга қарши жанговар операцияларда қатнашиш учун эса “Вагнер” томонидан 240 минг рубль маош олиб келган.
Судда айбланувчининг адвокати унинг вазифаларига зиндонлар учун тешик қазиш ва хизмат пайтида навбатчилик қилишини ва бу жанговар ҳаракатларда иштирок этишга тааллуқли эмаслиги, суднинг унинг жанговар ҳаракатларда иштирок этиши ҳақидаги хулосаси жиноят иши материаллари билан тасдиқланмаган ва халқаро ташкилот томонидан рад этилганини маълум қилган.
Аммо суд уни 2023 йил 23 июнь куни кечқурун “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин томонидан Россия Федерацияси мудофаа вазирлигига қарши ўтказилган “адолат марши” ёки бошқача қилиб айтганда Пригожиннинг исёнида иштирок этганини аниқлаган.
“2023 йил 24 июнь куни командирлар уларга ўз нарсаларини йиғиштиришни буюрган. Улар эса Украина Қуролли кучларига қарши урушда қатнашиш учун Украинага кетяпмиз, деб ўйлашган, аммо улар Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги штаб-квартирасини эгаллаб олиш учун Ростов-Донга келишган бўлган. Барча ҳарбийлар фуқаролик кийимида бўлиб, қўлларида “АК–74” автомати бўлган. Улар зирҳли транспортёрда штаб-квартирага ҳужумга ўтишган. Хаматхановнинг қўлида ҳам АК-74 автомати бўлиб, 2 колонна вагнерчилар билан бирга ҳужумга ўтган. Хаматханов биринчи колоннада “Вагнер” ХҲК раҳбари Евгений Пригожин билан бирга бўлган”.
Тўқнашув тез орада тугайди ва Хаматов ва бошқа икки колонна вагнерчилар орқага, харбий лагерга қайтиб келади.
“Судда Хаматхонов пулемётнинг барча механизмларини қисмларга ажратиб, қайта йиғиб, “Вагнер” ХҲК инструкторлари йиғиш ва демонтаж қилиш бўйича машғулотлар учун қурол-яроғ беришганини, унга жанговар тактика ҳам ўргатилганлигини айтди. Унда даставвал Калашников автомати ва СВД ҳамда Драгуновнинг қисмларга ажратиш ва йиғиш учун мўлжалланган снайпер милтиғи бўлган.
Сўроқ қилинган Хаматхонов А. Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун “Вагнер” ХҲКда бўлиб, снайпер сифатида махсус тайёргарликдан ўтганини тан олди”.
Шунга кўра, Хаматхонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси билан айбли деб топилди ва 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Гарчи бугун йирик доираларда очиқ гапирилмаётган бўлса-да, Ўзбекистон расмийлари бу муаммони кўриб, билиб турибди.
Бу рўйхатни яна анча давом эттиришимиз мумкин эди. Олий суд саҳифасида миллионлаб суд ҳужжатлари орасидан фақат шу йилга оидларини тополганларимиз, ҳарқалай тоқатимиз етгани шу бўлди ҳозирча. Агар топганларимиз орасидан ҳам мана бундан қоп-қорага бежалган, ёки очиш имкони бўлмаганларини ҳисобга олсак, жорий йилда Россия Федерацияси номидан Украинадаги урушга жалб қилиниб, ёлланиб, судланган ўзбекистонлик қоракўзлар сони 10 дан ошиқ. Ҳали биз ўтган йиллардаги рақамларни ва уруш майдонларида ном-нишонсиз ўлиб кетаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида гапирмадик. Аммо омон бўлсак, уларга оид маълумотларни ҳам топамиз.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси