ЕХҲТнинг сайловолди ҳисоботида ОАВ ҳақида нима дейилган?

Жамият

image

Ўзбекистонда журналист ва блогерларни чеклаш, сиқувга олиш ва оммавий ахборот фаолиятини чекловчи ҳуқуқий асослар ҳамон мавжуд. Бу эса ўзини ўзи “цензура” қилишнинг кенг қулоч ёзишига олиб келади. Бу ҳақда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) Сайловни кузатиш миссияси (СКМ)нинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича тақдим этган Оралиқ ҳисоботида айтилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (МСК)нинг таклифига ва ваколатига биноан, ЕҲХТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) 15 сентябрь куни Сайловни кузатиш миссияси (СКМ) Президент сайловини кузатиш учун Ўзбекистонга келди. Миссия аъзолари ЕҲХТга аъзо 26 давлатдан танлаб олинган. ДИИҲБ СКМ қатнашчи давлатлардан яна 250 нафар қисқа муддатли кузатувчиларни (ҚМК) юборишини сўради, булар овоз бериш, овозларни ҳисоблаш ва натижаларни расмийлаштиришни кузатадилар.

Ҳисоботда Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситалари муҳити кўп сонли давлат ва хусусий ахборот органлари чекланган реклама шароитида фаолият кўрсатиши билан тавсифланиши айтилади. 

“ДИИҲБ СКМ мулоқот қилган бир неча киши охирги йилларда оммавий ахборот муҳити яхшилангани, жумладан ахборот олиш, ундан фойдаланиш, баъзи ижтимоий ва сиёсий масалаларда танқидий чиқишлар қилиш имконияти яхшиланганини таъкидлади.

Бироқ, ДИИҲБнинг мулоқот қилган одамлари давом этган кўп муаммолар, жумладан журналист ва блогерларни чеклаш, сиқувга олиш, оммавий ахборот фаолиятини чекловчи ҳуқуқий асослар ҳамон мавжуд, деб айтишди. СКМ билан мулоқотда бўлган кўп кишиларнинг фикрича, хар иккала омил ўзини ўзи “цензура” қилишнинг кенг қулоч ёзишига олиб келади”, дейилади оралиқ ҳисоботда. 

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси 2019 йилгача беркитиб қўйилган кўп оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари веб-сайтлари очилганини олқишлаган. Бироқ, баъзи веб-сайтлар ҳамон блокланганича қолаётгани айтилган. 

Шунингдек, жорий йилнинг 2 июлидан бошлаб, Twitter, TikTok ва VKontakte ижтимоий тармоқларидан, шунингдек Skype ва WeChat тезкор мессенжерларидан фойдаланишга чекловлар қўйилаётгани алоҳида танқид остига олинган. 

Ҳисоботда матбуот ва сўз эркинлиги таъминланиши билан боғлиқ оламшумул гаплар фонида ОАВни чекловчи қонуний асос ҳам кучайиб бораётганига урғу берилган. 

“Конституция сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланиш эркинлиги ҳуқуларини таъминлайди. Бироқ, ОАВ эълон қилинган ахборот учун жавобгар ва диний мавзудаги маълумотларни аввалдан тасдиқлатиб олиши лозим. Гарчи Жиноят кодексига 2020 йилнинг декабрида киритилган ўзгартишлар туҳмат ва хақорат учун қамоқ жазосини бекор қилган бўлса-да, улар ҳамон жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёки уй ҳибси билан жазоланадиган жиноий қилмиш ҳисобланади”, дейилади ўрганишлар натижаларида. 

Ҳисоботда, шунингдек охирги икки йилда қабул қилинган айрим қонунлар, жумладан Жиноят кодексининг 158-моддаси – “Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш”га киритилган нормага мувофиқ телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентини ҳақоратлаш ва унга туҳмат қилиш — 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши хусусида ҳам сўз борган. Бунга жорий йилнинг 19 апрель куни Давлат хавфсизлик хизмати блогер Валижон Калоновга нисбатан Президентни хақорат қилгани туфайли жиноий иш қўзғатгани мисол сифатида келтирилган. 

Шунингдек, хавфли юқумли касалликларнинг тарқалиши тўғрисида ваҳима қилиш ва ёлғон ахборот тарқатиш учун Жиноят кодексига қамоқ жазосининг киритилиши хусусида ҳам сўз борган. 

“2020 йил, 20 ноябрь куни ОАВ регулятори уч йирик янгилик веб-сайти Gazeta.uz, Podrobno.uz, ва Daryo.uz ни (ҳавола русчада) веб-сайтлар касалхоналарга олинган COVID-19 беморлар сонида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Президент Администрацияси берган маълумотда жиддий тафовут борлигини эълон қилгандан кейин “текширишмаган ахборот” эълон қилингани муносабати билан “жиддий ҳуқуқий оқибатлар” тўғрисида огоҳлантирди”, дейилади ҳисоботда. 

Журналистлар “фуқароларнинг қадр-қимматини хақорат қилишлари” ва ёлғон ахборот тарқатиш айблови билан ҳам жавобгарликка тортилиши мумкинлиги, айни пайтда блогерлар ва веб-сайтлар эгалари учинчи шахслар берган контент ва фойдаланувчиларнинг умумий шарҳлари учун жавобгарликка тортилиши мумкинлигини ҳам эътибордан қочирмаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

ЕХҲТ матбуот ва сўз эркинлиги

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг